Сергелидаги портлашга сабаб Хитой электромобилларими?
Таҳлил
−
02 Октябрь 2023
19998Жорий йилнинг 28 сентябрь куни Тошкент шаҳрининг Сергели туманида содир бўлган фожиада “Inter Logistics” МЧЖ омборидан чиққан аланга Хитойда ишлаб чиқарилган электромобилларга ҳам ўтгани ҳақида хабарлар тарқалди. QALAMPIR.UZ жамоаси ушбу омборда бўлди ва ёнғинда зарарланган автомобилларни ўз кўзи билан кўрди. Баъзи миш-мишларга кўра, портлаш айнан электромобиллардан келиб чиққан бўлиши мумкин. Хўш, элеткромобиллар қандай қилиб ўз-ўзидан ёниши ва портлаб кетиши мумкин? Бундан олдин ҳам дунёда Хитой электромобиллари билан боғлиқ ёнғин ҳодисалари содир бўлганми? Ушбу мақолада юқоридаги саволлар ҳақида сўз юритилади.
Электромобилларнинг портлаш эҳтимоли ва хавфи
Бутун дунёда электромобиль аккумуляторларининг портлашлари камдан кам учрайди. Бироқ, мавжуд маълумотларга кўра, бензин ва дизель ёнилғиси ишлатиладиган автомобилларга нисбатан электромобилларнинг ёниб кетиши каттароқ хавфни келтириб чиқаради. Ёнғин электр скутерлар ва электр велосипедларда ҳам хавфли тус олиши мумкин.
Австралиянинг EV FireSafe фирмаси бутун дунё бўйлаб электромобиллар аккумуляторларининг ишлашини кузатиб боради. Унинг маълумотлар базасида 2010 йилдан 2023 йил июнигача бутун дунё бўйлаб 30 миллионга яқин электр транспорт воситаларидан атиги 393 таси ёниб кетгани ҳақида маълумотлар мавжуд.
Австралиянинг ўзида эса худди шу вақт ичида фақат тўртта электромобиль аккумулятори ёниб кетган. Улардан бирига ўт қўйилган бўлса, қолган учта транспорт воситаси техник носозлик туфайли ёнган.
Электр транспорт воситалари сони ортиб бораётгани сабабли, бутун дунёда одамлар электромобилларнинг портлашидан хавотирга тушмоқда. Бироқ, Швеция Фуқаролик фавқулодда вазиятлар агентлигининг 2023 йил май ойидаги ҳисоботига кўра, ички ёнув двигателлари билан ишлайдиган автомобиллар моторининг ёниб кетиш эҳтимоли Швециядаги электр транспорт воситалариникига қараганда 20 баравар кўпроқ.
Швецияда 2022 йилда турли электрлаштирилган транспорт турларида 106 та ёнғин қайд этилган. Уларнинг ярмидан кўпи электрон скутерларда (38) ва электрон велосипедларда (20) содир бўлган. Швециядаги 611 000 та электр транспорт воситаларидан 23 тасидагина ёнғин содир бўлган. 4,4 миллион бензин ва дизель двигателли автомашиналарнинг орасида эса 3400 та ёнғин қайд этилган.
Глобал миқёсда EV FireSafe компания 2010 йилдан 2023 йилгача электромобилларининг тахминан 0,0012 фоизи ёниб кетганини аниқлади. Бироқ ушбу компания машина ёнишни бошлагандан кейин оловни ўчириш қийинлигини ҳам ҳисоботида таъкидлаб ўтган.
Дунё бўйлаб 393 та тасдиқланган ёнғин билан бир қаторда EV FireSafe'нинг маълумотлар базасида текширилаётган 74 та ва текширилмаган 21 та ҳодиса мавжуд.
2020 йилги Tesla компаниясининг ички ҳисоботи ҳар 330 миллион километр босиб ўтган Tesla электромобили учун битта ёнғин содир бўлишини кўрсатади. Қўшма Штатлар учун Миллий ёнғиндан ҳимоя қилиш ассоциацияси маълумотлари 30,6 миллион километрдан кейин Tesla электромобилида ёнғин бошланса, бу хавфли тус олиши мумкинлигини исботлайди.
Электр транспорт воситаларида ёнғин хавфи ҳақида ҳали ҳам тўлақонли маълумот мавжуд эмас. Статистик жиҳатдан ишончли таққослашлар кўпроқ маълумотларни олиш учун узоқ вақтни талаб қилади.
Электромобиль аккумуляторлари жуда кичик юзада кўп энергия сақлайди. Улар шикастланганда ички қисқа туташув термал қочқин деб аталадиган занжир реакциясини келтириб чиқаради. Кейин, батареяда сақланиши керак бўлгандан кўра кўпроқ иссиқлик ҳосил бўлади ва батарея ёниб кетади.
Электромобиллар батареясидаги ёнғинларнинг тахминан 95% реактив йўналишли ёнғинлар деб таснифланади. Батарея турли сабабларга кўра ёниб кетиши мумкин. Бунга тўқнашув, ишлаб чиқаришдаги камчиликлар, аккумуляторларнинг носозликлари, устахоналардаги таъмирлаш, ташқи ёнғинлар ёки ҳаддан ташқари иссиқлик натижасида шикастланишлар сабаб бўлиши мумкин.
EV FireSafe маълумотлар базаси ёнғинларнинг тахминан 18 фоизи автомобиллар қувватланаётганда ва 2 фоизи зарядловчидан узилганидан кейин бир соат ичида содир бўлганлигини кўрсатади.
Ҳодисаларнинг 25 фоизга яқини ер ости йўлларида, 31 фоизи ташқарида тўхтаб турганда ва 29 фоизи машина ҳайдаш пайтида (қолган 15 фоизи номаълум вақтда) содир бўлган. Электр транспорт воситаларининг ёнғинлари янги муаммоларни келтириб чиқармоқда. Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун ёнғинларнинг олдини олиш давлатнинг асосий муаммоларидан бирига айланиш мумкин.
Батареялар ёниб кетганда ёнғин жуда тез тарқайди. Литюм батарея ёнғинлари жуда юқори ҳароратларда ёнади. Бу бир неча кун давом этиши ва ён атрофдаги жисмларга катта зарар етказиши мумкин. Агар ёнғин ўчирилмаса, ёнган батареялар кўп соатлар давомида ўзидан жуда заҳарли газлар ва кимёвий моддаларни чиқариши мумкин. Ушбу ёнғинларни бартараф этиш учун тегишли тайёргарликдан ўтган ўт ўчириш бригадалари керак.
Хитой электромобиллари қанчалик ёнишга мойил?
Хитой электромобиль саноатининг арзон ускуналардан фойдаланиши кўплаб ёнғинларни келтириб чиқармоқда. Бу ишлаб чиқарувчиларнинг хавфсизлик ва сифат стандартларидан кўра харажатларни камайтиришни биринчи ўринга қўяётганининг ҳам исботи бўлиши мумкин.
Хитой ишлаб чиқараётган электромобилларда сўнгги пайтларда жуда кўп муаммолар кўзга ташланмоқда. Масалан, биргина ўтган йилда жудаям кўп Хитой электромобиллари портлаб кетган. Бу электромобиль саноатида катта муаммоларни келтириб чиқармоқда. Чунки минглаб электромобиль ишлаб чиқарувчи компаниялар мазкур пойгага қўшилишга шошилмоқда ва йўловчилар хавфсизлигини ўйлагани ҳам йўқ.
Хитойнинг электромобиль ишлаб чиқарувчилари, шу жумладан, етакчи компаниялар ҳам кўплаб ёнғин ҳодисалари туфайли молиявий қийинчиликлар ва потенциал банкротлик каби тўсиқларга дуч келмоқда.
Хитой электромобилларининг ўз-ўзидан ёниб кетиш, ёки аккумлятори портлаб кетиш эҳтимоли бошқа давлат электромобилларига нисбатан юқори бўлиши мумкин. Бинобарин, аккумуляторни олдиндан қиздириш, ҳаддан ташқари иссиқлик ва батареяни совутиш тизимлари билан боғлиқ муаммолар Хитой электромобилларида ҳам учраб турибди.
Шунингдек, сўнгги йилларда элеткромобиль ёнғинларида айбланган Хитойнинг Catl аккумулятор ишлаб чиқарувчиси Пекин кўмаги билан электромобиль саноатида бозор қиймати бўйича General Motors ва Ford’ни ортда қолдириб, йирик компанияга айланиб олган.
Хитойнинг электромобиль компаниялари ишончлилик, рентабеллик, пул оқими ва маҳсулот сифати билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда. Бунинг натижасида, фаол компанияларнинг мавқейи пасайиши, уларнинг рентабеллик ва сифат назоратини сақлаб қолиш қобилияти ҳақида хавотирлар ҳам мавжуд.
Хитой электромобиллари билан боғлиқ сўнгги ёнғинлар
Хитойда электромобиллар билан боғлиқ ноҳуш ҳолатлар сўнгги йилларда анча кўпайган. Масалан, 2012 йилда Хитойнинг BYD компаниясига тегишли E6 электромобили Ford GT-R билан тўқнашиб кетган. Оқибатда электромобиль ичида ёнғин келиб чиққан ва ундаги йўловчилар ҳалок бўлган.
Қолаверса, 2012 йил Хитойдаги Chevy Volt электромобили ҳам авария синовидан сўнг ёнғинни бошдан кечирган ва мавжуд моделлар батареяларни яхшироқ ҳимоя қилиш учун пўлат плиталар билан қайта жиҳозланган.
Хитой Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ёнғин ва қутқарув бошқармаси томонидан 2022 йил 3 апрель куни қайд этилган маълумотларга кўра, 2022 йилнинг биринчи чорагида 3640 та электр транспорт воситаси ёниб кетган. Бу аввалги йилдан 32% га юқори. Ушбу кўрсаткич шуни англатадики, ўша йили ҳар куни тахминан 7 та электр транспорт воситаларида ёнғин чиққан бўлиши мумкин.
Car News China маълумотларига кўра, юқорида қайд этилган рақамларни сўнгги икки йил билан солиштирганда, 86 та электромобиль ёнғинлари қайд этилган. Global Times нашрига кўра, Мўғулистондаги Harmony OS тизимида ҳаракатланувчи биринчи электромобиль – AITO M5 ҳам 2022 йил тўлиқ ёниб кетган, оқибатда икки киши ҳалок бўлган. Ўша пайтда уларнинг ўлимига ис газидан заҳарланиш сабаб бўлгани айтилганди.
2022 йил 11 июнь куни Гуангдонг провинциясининг Хеюан шаҳрида иккита янги электромобиль қувват олаётганида портлади ва шассилари ёниб кетди. Худди шу русумли электромобиль Хефей шаҳрида ҳам портлаган. Яқинда Хитойнинг энг йирик янги электромобиль ишлаб чиқарувчиси BYD электромобиллари ҳам ёнғин билан боғлиқ кўплаб ҳодисаларни бошдан кечирди. E-vehicles info порталининг ёзишича, BYD электромобилларида 2020 йилдан 2022 йилгача жами 11 та ёнғин қайд этилган. Li Cars номидаги яна бир бренд билан эса шу вақт мобайнида 5 та ёнғин аниқланган.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, Хитойда электромобиль ёнғинларининг кўпайишидаги асосий сабаб ушбу электр транспорт воситаларини ишлаб чиқаришда арзон материаллардан фойдаланиш бўлиши мумкин.
Сергели фожиаси
28 сентябрь куни пойтахт Тошкентнинг Сергели туманидаги фожиага келадиган бўлсак, ИИВ Тергов департаменти томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а” ва ”б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган ва 4 киши жиноий процессуал тартибда қўлга олинган. QALAMPIR.UZ манбаси берган маълумотларга кўра, “Inter Logistics” МЧЖга қарашли омборхонада кимёвий моддалар хавфсизлик қоидаларига зид равишда сақлаб келинган ва ёнғин келиб чиқиши сабаб бўлган.
Авазбек Мўйдинов