Помирда исроиллик сайёҳлар қутқарилди
Олам
−
23 Сентябрь 2019
2817Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон автоном вилоятидаги Помир тоғларида саёҳатга чиққан тўрт исроиллик тоғдан пастга туша олмади ва SOS сигналини берди. Бу ҳақда Авеста агентлиги хабар бермоқда.
Исроиллик сайёҳларни қутқариш операцияси тўрт кун давом этди. Маълум бўлишича, 23 дан 26 ёшгача бўлган Исроилдан келган тўртта сайёҳ, шу жумладан ёш аёл, 4 минг 700 метр баландликда қолиб кетган. Тегишли сигнални олган қутқарувчилар Шуғнон тумани Кулин қишлоғи яқинида қидирув ишларини олиб бориш учун йиғилган.
Қутқарув ишларида автомобиль ва вертолёт ёрдамида баландликка кўтарилишнинг иложи бўлмагани учун, қутқарувчилар махсус техникалар ёрдамида 20 километр пиёда юриб, 19 сентябрь куни ўз манзилларига етиб келди.
Улар баландлик касаллигидан (кислород етишмаслиги туфайли баландликдаги гипоксия) азият чеккан 23 ёшли Бен Моше Шаюга биринчи тиббий ёрдам кўрсатди ва 20 сентябрь куни эрта тонгда отларга ўтириб Сарез кўлига тушишни бошлади.
21 сентябрь куни эрталаб соат 08:55 да қутқарув ишлари тугади. Сайёҳлар Хорог шаҳрига олиб борилди. Хорогда сайёҳлардан иккитаси қолди, қолган иккитаси Душанбедаги "Истиқлол" касалхонасига ётқизилди.
Тожикистон Фавқулодда вазиятлар ва фуқаро мудофааси қўмитаси сайёҳларга тоғларга юборишдан олдин қутқарув хизматида рўйхатдан ўтиш кераклигини эслатди.
LiveБарчаси