Полиовирус – янги даҳшатми? БМТ дунёнинг барча мамлакатларини огоҳлантирди
Бу қизиқ
−
23 Октябрь 2020
33740Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Фавқулодда вазиятлар қўмитаси дунёда полиомиелит тарқалиш хавфи юқори бўлганлиги сабаб 2014 йилдан бери амал қилиб келаётган ушбу касаллик бўйича халқаро фавқулодда режим яна уч ойга узайтирилиши керак, деган хулосага келди. Бу ҳақда ЖССТнинг Женевадаги қароргоҳи хабар берди.
Мутахассислар ушбу режимнинг полиомиелитга нисбатан давомийлигидан хавотирда эканликларини таъкидлашган. Бироқ улар "ҳозирги вазият ғайриоддий", деб ҳисоблашмоқда. Чунки касаллик тарқалиш хавфи тобора ортиб бормоқда ва бу халқаро ҳамжамият томонидан ҳаракатларни мувофиқлаштиришни талаб қилади.
Қўмита фавқулодда режимни узайтириш бўйича тавсияларни келтириб чиқарган сабаблар сифатида Покистон ва Афғонистонда полиовирус тарқалишининг кўпайиши, эндемик мамлакатларда, хусусан, Афғонистонда инфекция тарқалиши географиясининг кенгайишини кўрсатди. “Бундан ташқари, COVID-19 пандемияси сабабли полиомиелитга қарши эмлаш тўхтатилганлиги сабабли аҳоли ўртасида иммунитетнинг пасайиши кузатилмоқда. Пандемия шароитида вакциналарни етказиб беришдаги қийинчиликлар вазиятни мураккаблаштирувчи омил ҳисобланади”, дейилади қўмита баёнотида.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, полиомиелит билан касалланиш бу йил “юқори” даражалигича қолмоқда. Жорий йилнинг 1 январдан 5 октябргача 121 та ёввойи полиовирус ҳолати қайд этилган. 2019 йилда ушбу кўрсаткич 85 та ҳолатга тўғри келган эди. Яъни, 2020 йилда 42 фоиз ўсиш кузатилмоқда. Бу ЖССТ томонидан 2014 йилда фавқулодда вазият эълон қилингандан бери энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Маълумотларга кўра, касаллик Афғонистон ва Покистонда жуда тез ривожланиб бормоқда.
Гарчи бу касалликнинг вакцинаси мавжуд бўлса-да, полиовируснинг тарқалиши ҳали тўхтатилмаган. Гвинея, Жанубий Судан ва Суданда янги ҳолатлар қайд этилди. Вирус Жанубий Судан ва Суданга 2019 йилда юқумли касаллик бўлган Чаддан кириб келган. Мисрда (Қоҳира) худди шу патоген чиқинди сувда топилган, аммо бирон бир ҳолат қайд этилмаган. 2019 йилда касалланиш кўрсаткичлар ошиб, 378 та юқтириш ҳолати аниқланди.
Вакцинадан олинган полиовируснинг чегаралар бўйлаб тарқалиши мунтазам равишда кузатилмоқда. 2020 йил апрелдан июнь ойигача, хусусан, Афғонистондан Покистонга, Кот-д'Ивуардан Малига, Гвинеядан Малига, Кот-д'Ивуардан Ганага, Марказий Африка Республикасидан Камерунга, Чаддан Судан ва Жанубий Суданга, Ганадан Буркина-Фасога касаллик тарқалган.
ЖССТ Қўмитаси соғлиқни сақлаш хизматлари, шу жумладан, мунтазам эмлаш хизматлари коронавирус пандемияси туфайли деярли 90 фоиз мамлакатларда узилишларга дуч келганлигига эътибор қаратган. Жорий йилнинг февралдан март ойининг бошигача 28 давлатдаги 60 дан ортиқ эмлаш кампанияси номаълум муддатга қолдирилган.
Касаллик билан кураш
Полиомиелит – вирус келтириб чиқарадиган хавфли касаллик. Бу асаб тизимига таъсир қилади ва бир неча соат ичида умумий фалажга олиб келиши мумкин. 200 ҳолатдан биттасида қайтарилмас фалаж ривожланади (одатда оёқларда). Беморларнинг тахминан 5-10 фоизи нафас олиш мушаклари фалажининг бошланиши туфайли вафот этади. Илмий назарияларга кўра, полиовируснинг уч тури мавжуд бўлиб, 2 - ва 3 – тоифалари бутунлай йўқ қилинган. Ҳозирда табиатда фақат 1-турдаги ёввойи полиовирус қолмоқда. У устидан қозонилган ғалаба инсониятни бир вақтлар кенг тарқалган ушбу касалликдан якуний қутқариш бўлади. Полиомиелитга қарши эмлаш ўтган асрнинг ўрталарида ихтиро қилинган.
LiveБарчаси