Польша Украинадаги можаро сабаб “қардош”и билан муносабатларини музлатди

Олам 22457
image

Польша Украина бўйича позициялардаги фарқ туфайли Венгрия билан  муносабатларини музлатиб қўйди. Бу ҳақда Польша Бош вазирининг хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари Ярослав Качиньский “Radio Plus”га берган интервьюсида маълум қилди.

“Орбан (Венгрия Бош вазири) Бучани кўриш учун офтальмологга муҳтож. У можарога барҳам беришда роль ўйнашга умид қилмоқда, аммо менимча, бу бутунлай боши берк кўча. Агар Орбаннинг позицияси ўзгармаса, Варшава Будапешт билан ҳамкорликни давом эттира олмайди”, дейди Бош вазир ўринбосари.

Унга кўра, муносабатларни тиклаш Украинадаги урушга баҳолар ўзгаргандан кейингина мумкин бўлади.

Аввалроқ, Украина раҳбари Европа Иттифоқининг етакчи сиёсатчиларидан бири Бучадаги уруш жиноятлари саҳналаштирилмагани ҳақидаги далилларни кўрмоқчи бўлганини айтиб, ундан қаттиқ хафа бўлганди. Аммо сиёсатчининг исмини очиқламади, фақат бу Германия канцлери Олаф Шольц эмаслигини таъкидлади. Кўпчилик айнан Венгрия Бош вазири шу гапни айтганини тахмин қилмоқда. Чунки у яқинда сайловларда ишончли ғалаба қозонган ва Украинага қурол-яроғ билан ёрдам беришдан бош торган. Бундан ташқари, Орбан Россия гази учун Москванинг янги шартлари бўйича – рублда тўлашга розилигини айтган.

“Буча қирғини”

Жорий йилнинг 1 апрель куни Буча мэри Анатолий Федорук Украина ҳарбийлари россиялик босқинчиларни чиқариб юборганини тасдиқлади. Чекинган руслар фуқаролик иншоотларини, инфратузилма объектларини ва аҳоли пункти ичидаги баъзи ҳудудларни миналаган.

Озод қилинган шаҳарда украиналик ҳарбийлар ҳудудни диверсантлар ва россиялик шериклардан тозалашга киришган.

2 апрель оқшомида Украина Мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр бутун Киев вилояти рус босқинчиларидан озод қилинганини очиқлади.

Шундан сўнг босқинчиларнинг ваҳшийликлари ҳақида маълумотлар пайдо бўла бошлади. Руслар одамларни ўлдирган ва зўрлаган, ҳақорат қилган ва қийноққа солгани айтилди. Дмитрий Комаров Бучадан даҳшатли кадрларни кўрсатди ва аҳоли нонни кўрганда шунчаки йиғлаётганини айтди. Кейинчалик тармоқда пайдо бўлган Бучадан олинган ҳайратланарли фотосуратларда боғланган одамлар ўлдираётгани маълум бўлди. Украиналиклар оммавий қабрларга дафн қилинган. Баъзи жасадлар кўчаларнинг ўртасида қолган.

Буча воқеалари ҳақиқати ошкор бўлгач, дунё давлатлари уни қоралади. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россияга қарши янги санкциялар пакетини ишлаб чиқишни бошлади.

Россия Мудофаа вазирлиги Бучадаги воқеаларни Москвага қарши провокация ва саҳналаштирилган деб атади.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 264
Рейтинг: 3
t
×