Польша генерали Борис Жонсонни ҳарбий сирларни ошкор қилишда айблади

Жамият 11352
image
-

Польша қуруқликдаги кучларининг собиқ қўмондони генерал Вальдемар Скшипчак Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсонни республикада украиналик ҳарбийлар тайёрланаётганини эълон қилганидан кейин ҳарбий сирларни ошкор қилишда айблади. Бу ҳақда Польшанинг “Fakt” газетаси хабар бермоқда.

“Буюк Британия Бош вазири ҳарбий сирни ошкор қилди. Ёмон сўзлар оғизда... Ҳарбий тайёргарлик армиянинг иши, бундай вазиятлар сир тутилади. Эркак ўзини тийиб, бундай гапларни айтишдан олдин ўйлаб кўрсин”, дейди жаҳл билан генерал Скшипчак.

Яқинда Борис Жонсон Ҳиндистонга ташрифи чоғида бир гуруҳ украиналик ҳарбий хизматчилар Польшада замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан ишлаш бўйича ўқитилаётганини айтган эди. Скшипчак бундай хатти-ҳаракатлар ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини қўшимча қилди.

“Бош вазир бундан бехабар бўлиши мумкин, аммо бундай баёнотлар билан у бутун ҳарбий операция муваффақиятини, шунингдек, аскарлар хавфсизлигини хавф остига қўяди”, дея таъкидлайди Вальдемар Скшипчак.

Маълумот учун, Вальдемар Скшипчак 2006-2009 йилларда Польша қуруқликдаги кучларига қўмондонлик қилган.

Аввалроқ, Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон Украина аскарлари ҳам Буюк Британияда уларга топширилган жиҳозлардан фойдаланишга ўргатилганини тасдиқлаган эди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 413
Рейтинг: 3
t
×