Пол қопламаларини таъмирлашда йўл қўйиладиган энг катта камчиликлар нимадан иборат?
Бу қизиқ
−
28 Апрель 2023
6527Кунлар исиб боргани сайин кўпчилик биноларни таъмирлаш ишларини бошлаб юборади. Кимдир хонадони, ҳовли жойини, яна кимдир офисни таъмирлашга киришган вақтда пол қопламаларини ётқизишда йўл қўйиладиган актуал камчиликларни билиш фойдадан ҳоли эмас. QALAMPIR.UZ мазкур соҳага алоқадор мутахассис манбаларга таянган ҳолда бир қанча фойдали маълумотларни тақдим этади.
Бу жараёндаги энг катта хатолардан бири ҳудудлар кесимига қараб пол қопламасининг синфини нотўғри танлаш ҳисобланади. Ламинат қопламаси мисолида оладиган бўлсак, у едирилишга чидамлилик даражаси бўйича бир неча тоифага ажратилади. 33-синфга мансуб ламинат ҳамёнбоп нархи сабаб кўпчиликнинг танловига айланган. Аксарият одамлар у билан хонадонининг барча хонасини қоплайдилар. Аммо бу нотўғри. Даҳлизларга бундай синфдаги ламинатни ётқизиш тавсия этилмайди. Чунки у сув ва нам таъсирида қисқа фурсатларда яроқсиз ҳолатга келади. Ошхона, ўтиш йўлаклари, болалар хоналари учун 32-синфга мансуб ламинат танлаш мақсадга мувофиқ.
Шунингдек, стяжка қуйишда ётқизилаётган қоплама қалинлигини ҳисобга олмаслик ҳам кейинчалик бир қатор муаммони келтириб чиқаради. Стяжка қуйишда ётқизиладиган қопламанинг қалинлигини албатта инобатга олиш даркор. Сабаби ҳар бир қопламанинг ётқизиш қалинлиги турлича. Бир хил қалинликдаги стяжкага турли пол қопламаларини ётқизиш юзадаги баландликда тафовут келтириб чиқаради. Нотекис пол юзасини эса фақатгина қопламаларни қайта териш орқали тузатиш мумкин.
Бундан ташқари, пол қопламасини ётқизиш техникасини бузиш, нотўғри рангдаги қопламани танлаш, хона ҳажмини тўғри баҳоламаслик каби эътиборсизликлар ҳам ноқулайликларга сабаб бўлади.
Қоплама ётқизишдаги бирламчи ва энг муҳим масала бу -- равон стяжка. Пол қопламасининг туридан қатъий назар, уни танлашда хонанинг дизайни, гулқоғоз ва мебеллар рангини инобатга олиш зарур. Қопламаларни ётқизишдан аввал хонанинг конфигурациясини ўрганиш керак. Масалан, узун тор хонага кўндаланг кесимда паркет ёки ламинат ётқизиш орқали визуал равишда кенгайтириш мумкин. Кичик ҳажмдаги хоналарда нақши уч чизиқли ламинатдан фойдаланиш тавсия этилади, ушбу усул хонани визуал равишда кенгайтиради.
Сирпанувчан пол қопламасини ҳамда материални захирасиз харид қилиш, маҳсулотнинг хусусияти ва тавсифи билан танишмасдан туриб фойдаланиш ҳам бугунги кунда йўл қўйилаётган энг катта хатолардандир.
Ювиниш хоналари учун одатий керамик плиталарни танлаш нафақат нотўғри, балки хавфли ҳам. Сабаби улар сув таъсирида сирпанчиқ бўлиб қолади. Намлик ва сув даражаси юқори хоналар учун сирпанишга қарши юзага эга бўлган плита ёки керамогранитга танлов билдириш мақсадга мувофиқ. Бундай плиталар қадоғига уларни душ кабиналарида қўллаш мумкинлигини билдирувчи “Грип” ёзуви ёки Р 11 маркировкаси туширилган бўлади.
Албатта, пол қопламасини ётқизиш жараёнида материалнинг кесилишини инобатга олиш керак. Материални етказа олмай, дўконма-дўкон сарсон юргандан кўра уни захираси билан харид қилган маъқул. Пол қопламаларини танлашда унинг хусусиятлари, афзаллиги (нам ва сувга бардошлилиги), юза таркиби, экологик синфи сингари жиҳатлари билан батафсил танишиш тавсия этилади.
Нурмуҳаммад Файзуллаев
LiveБарчаси