Покистондаги сув тошқинлари 30 миллион кишига зарар етказди (фоторепортаж)

Олам 4508
image
-

Кеча, 26 август куни Покистонда муссон ёмғирлари сабаб бўлган ҳалокатли тошқинлар оқибатида мамлакат ҳукумати фавқулодда ҳолат эълон қилди. Бу ҳақда “Al Jazeera” телеканали хабар берди.

Қайд этиш керакки, Покистонда кучли ёғингарчилик жорий йилнинг июнь ойи ўрталаридан бошлаб ёға бошлади. Мамлакат ғарби ва жанубидаги Балужистон ва Синд вилоятлари энг кўп зарар кўрган ҳудудлар ҳисобланади. 2022 йилда ёғган ёмғир 30 йиллик ўртача кўрсаткичдан қарийб 400 фоизга кўп. Балужистон вилоятининг бир қисми сув остида қолган.

Қайд этилишича, сув тошқинлари оқибатида 30 миллиондан ортиқ одам жабр кўрган ва бу Покистон аҳолисининг 15 фоизини ташкил қилади.

Иқлим ўзгариши бўйича мутахассис Али Таукир Шайхнинг сўзларига кўра, Покистон бундай офатларга тайёр эмас эди ва иқлим ўзгариши билан биргаликда инфратузилманинг ёмонлиги мамлакатда содир бўлаётган воқеаларга олиб келган.

Покистон август ойининг ўзида саккизта муссон циклидан азият чекди. Одатда муссон цикллари бир йилда фақат уч ёки тўртта бўлар эди. Бу ҳақда Покистон Иқлим ўзгаришлари вазири Шерри Рoҳман 25 август бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтиб ўтган.

“Сўнгги уч ой давомида ёмғир тўхтамади. Фарзандларим ва мен рикшада яшаймиз, чунки тахта уйимизнинг томидан сув оқади. Ариқлар тўлиб-тошган, ҳовлимиз оқава сувга тўлган. Уйлар ва хиёбонлар сузувчи ахлат қутисига айланган", дейди покистонлик фуқаро.

Федерал ҳукумат аъзолари ва Покистон армияси зобитлари ойлик маошларини сув тошқини оқибатларини бартараф этиш фондига ўтказишларини эълон қилган. Бу ҳақда “ProPakistani" нашри маълум қилган.

25 август куни Покистонда 137 дан ортиқ ёрдам лагерлари ташкил этилиб, 40 мингга яқин одам хавфсиз жойларга эвакуация қилинган. 200 га яқин вақтинчалик тез тиббий ёрдам пунктлари 23 минг жабрланганларга ёрдам кўрсатган.

“Anadolu Agency” маълумотларига кўра, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари Покистонга сув тошқини қурбонлари учун 500 миллион доллардан ортиқ тезкор ёрдам кўрсатишини эълон қилган.

Маълумот ўрнида Покистонда 14 июндан бери кучли ёмғир қурбонлари сони 937 нафарга етган.

Фарангиз Салимова

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 96
Рейтинг: 3.2
t
×