Покистонда “Толибон” тарғиботчиларга ҳужум қилди

Олам 7728
image

Покистонда “Тахрики Толибон” номи билан танилган жангари гуруҳ бугун, 11 декабрь куни болаларга полиомиелитга қарши эмланишни тарғиб қилаётган бир гуруҳ фаолларни ўққа тутди. Покистон ҳукуматининг маълум қилишича, қуролланган шахс мотоциклда кетатуриб, эмлашга тарғиб қилаётган фаолларни қўриқлаётган полиция офицерларига қарата ўқ узган. 

Ҳодиса Покистон шимоли-ғарбидаги Хайбер-Пахтунхва вилоятининг Танк туманида содир бўлган. Ҳужумда бир нафар полиция ходими олган тан жароҳати оқибатида қурбон бўлган ва яна бири ярадор аҳволда шифохонага ётқизилган. Фаоллардан ҳеч ким яраланмаган. 

“Тахрики Толибон” вакили Муҳаммад Хуросоний ҳужумни жангари гуруҳ ўз зиммасига олишини таъкидлаган. 

Полицияга кўра, қуролланган шахс воқеа жойидан яширинишга муваффақ бўлган. 

Фаоллар гуруҳи вакилининг сўзларига кўра, улар 5 кунга мўлжалланган тарғиботнинг эндигина иккинчи кунини ўтказишаётган эди. Гуруҳ бутун мамлакат бўйлаб 6,5 миллион болани эмлашни режа қилган. 

Халқаро Полиомиелитга қарши кураш ташкилотининг маълумотига кўра, Покистонда 2020 йилда (охирги 84 йил ичида) ушбу касаллик билан боғлиқ 1 та ҳолат қайд этилган.

Маълумот учун, “Тахрики Толибон” Aфғонистонда ҳокимият тепасига келган гуруҳ каби Покистонда ҳукумтга қарши тузилган ҳаракатдир. Ушбу гуруҳ 2007 йилда ташкил топганидан буён Покистонда бир неча қонли ҳужумлар ва тўқнашувларни амалга ошириб келмоқда. Расмий Исломобод, қуролли гуруҳларнинг ўзига чегарадош Aфғонистонда ҳукумат тепасига келиши ортидан Покистонда ҳам жангари гуруҳлар зўравонлиги ортишидан хавотирда эканини билдирмоқда.

Беҳруз Саидов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 249
Рейтинг: 2.8
t
×