Покистонда полициядан қочган автомобиль ўзини-ўзи портлатди
Олам
−
23 Декабрь 2022
4458Бугун, 23 декабрь куни Покистон пойтахти Исломободда полиция буйруғига бўйсунмай қочган автомобиль ўзини-ўзи портлатиб юборди. Оқибатда бир зобит ҳалок бўлди ва бир неча киши яраланди. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар берди.
“Биздаги дастлабки маълумотларга кўра, машинада эркак ва аёл бўлган. Полиция уни тўхтатмоқчи бўлганида машина назорат-ўтказиш пунктида тўхтамади”, дейди Исломобод полицияси бошлиғи Соҳаил Зафар журналистларга.
Полиция ходимлари машинадагиларни жангари деб гумон қилган ва автомобилни тўхтатишни буюрган. Номаълум шахслар эса тўхтамасдан тезлик билан қочиб кетган.
“Полиция уни таъқиб қилганда, машина ичидаги одамлар уни портлатиб юборишди. Бу худкушлик портлаши эди”, деб қўшимча қилади Исломобод полицияси бошлиғи.
Унинг сўзларига кўра, тўрт нафар полициячи ва икки фуқаро яраланган.
“Машина портловчи моддалар билан ўралган ва пойтахтдаги қимматбаҳо нишонга қараб йўл олган”, дейилади ички ишлар вазирлиги баёнотида.
Ҳозирча қўшимча тафсилотлар келтирилмаган.
Ички ишлар вазири Рана Санауллоҳ “Geo News TV” телеканалига берган интервюсида:
“Агар машина ўз мақсадига етганида, у катта йўқотишларга сабаб бўларди. Пойтахт бундай ҳужум таҳдиди туфайли аллақачон шай ҳолатга келган”, дея маълум қилган.
Портлаш мамлакат парламенти ва юқори идоралар жойлашган ҳукумат биноларига олиб борадиган асосий йўлдаги полиция штаб-квартираси яқинида содир бўлди.
“Ҳуқуқ-тартибот органларининг ўз вақтида аралашуви туфайли кўп қон тўкилишининг олди олинди”, дейди Бош вазир Шеҳбаз Шариф баёнотида.
Покистон толибонлари автомобиль портлатилишини ўз зиммаларига олиб, бу етакчиларидан бирининг ўлдирилгани учун қасос эканини маълум қилган.
Соҳиба Комиловна
LiveБарчаси