Пичоқланган Эргашев, ажралаётган юлдузлар – Спорт дайжести

Таҳлил

Пичоқланган Шоҳжаҳон Эргашев, Ўзбекистонга келган Карим Мустафо Бензема, ажрашган ва ажрашаётган футбол юлдузлари бугун диққат марказида. QALAMPIR.UZ’да спорт дайжести.

26 ноябрь куни Халқаро бокс федерацияси (IBF) камари учун давъогар ҳисобланган ўзбекистонлик Шоҳжаҳон Эргашев амалдаги чемпион пуэрто-риколик Сабриэль Матиасга қарши рингга кўтарилди. 
Американинг Лас-Вегас шаҳрида бўлиб ўтган жанг 12 раундга мўлжалланган эди,бироқ 6-раунд бошланаётган пайт Эргашев жамоаси жангни давом эттирмасликка қарор қилди. Бунга эса жароҳат сабаб бўлгани айтилди.
Шу тариқа Ўзбекистон вакилининг фаолиятидаги 23 та ғалабали юришига нуқта қўйилди ва у илк мағлубиятини қабул қилиб олди. Матиасда эса фаолиятидаги 20- ғалаба эришиб, ўзига тегишли IBF камарини ҳимоя қилди. 
Жанг якунлангач боксчи QALAMPIR.UZ’га баҳсни нега давом эттирмаганини маълум қилди.
Унга кўра, Шоҳжаҳоннинг жангни давом эттира олмаслигига жароҳати сабаб бўлган. Ўзбекистонлик боксчининг оёғи шишиб кетиши оқибатида унинг жамоаси жангни тўхтатган.
“Ғалаба учун рингга чиққандим, бироқ оёғим шишиб ўзимга бўйсунмай қолди. Оёғимда бироз муддат аввал орттирган жиддий жароҳатим бор эди ва ўша жароҳат барибир ўз таъсирини ўтказди”, дейди Эргашев.
Маълум бўлишича, Эргашев апрель ойида Россияда нотаниш кимсалар томонидан пичоқлаб кетилган. 
“Пичоқланганим оқибатида жангда оёғим шишиб кетди ва 2-раунддан кейин ўзимни бошқара олмай қолдим. Асосийси ҳозир соғлиғим яхши. Ҳали ҳаммасини ўз ўрнига қайтараман”, дейди Эргашев видеода.
Эргашевга кўра, унга тиқилган пичоқнинг узунлиги 7 сантиметр бўлган. 
Эргашев нега пичоқланган, кимлар томонидан пичоқланган деган саволлар ҳозирча очиқ қолмоқда. QALAMPIR.UZ бу саволларга жавоб излаб, тез орада керакли ва аниқ фактларни кузатувчиларга етказади.
***
27 ноябрь куни Олмалиқ шаҳрида маҳаллий ОКМК клуби футбол юлдузи Карим Бензема бошчилигидаги Ал-Иттиҳод билан Осиё Чемпионлар лигаси (ОЧЛ) 5-тури доирасида баҳс олиб борди, Бензема ва жамоадошларининг Олмалиққа келиши муносабати билан шаҳарнинг айрим кўчалари вақтинча ёпилди. Бу тўғрисида Олмалиқ шаҳар ҳокимининг фармойиши қабул қилинди. 
2023 йил 27 ноябрь куни соат 17:00 дан соат 23:00 га қадар Амир Темур кўчасининг Камалак чорраҳаси билан кесишган қисмигача барча туташган (Фурқат, Юксалиш, Алишер Навоий, Обиҳаёт ва Истиқлол) кўчалар, шунингдек Юксалиш кўчасининг Парвоз кўчаси билан кесишган қисми ва Алишер Навоий кўчасининг Истиқлол кўчаси билан кесишган қисми ёпилиб, автомобиль қатнови вақтинча тўхтатилди.
Шунингдек, стадионни ўйинга сўнгги тайёргарлиги ва хавфсизлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб, соат 13:00 дан эътиборан, стадион ҳудудидаги кассалар ёпилиб,  чипталар сотуви “Дельфин сув саройи” кассаларига кўчирилди.
QALAMPIR.UZ жамоаси ҳам ОКМК-“Ал-Иттиҳод” ўйинини ёритиш учун Олмалиқ шаҳрига етиб борди. Ўйин бошланишига ҳали анчагина вақт бўлса ҳам каттагина мухлислар оқими ОКМК марказий стадионига ёпирилиб кирди. Мутасаддиларнинг айтишича, ОКМКнинг ҳеч бир уй ўйинига бу даражада кўп мухлис келмаган. 
Ўйин стартидан аввал майдонга мухлис югуриб чиққани ва Бензема томон югургани барчанинг эътиборини тортди. Худди шунга ўхшаш ҳолат тайм охирида ҳам кузатилди. 
Энди ўйинга келсак, дастлабки дақиқаларни Миржалол Қосимов шогирдлари анча фаол бошлаган бўлса ҳам, вақт ўтгани сари Саудия клуби вакиллари ташаббусни ўз томонига оғдирди. 30 ва 34-дақиқаларда меҳмонлар ҳужумчиси Абдураззоқ Ҳамдалла кончилар дарвозасига тўп киритиб, жамоасининг 1-бўлимдаги ишончли ғалабасини таъминлади. 
Олмаликлардан битта жавоб тўпини 79-дақиқада 27-рақамдаги Мартин Боаке киритди. Бутун ўйин давомида мухлислар эътибори қаратилган франциялик юлдуз Карим Бензема эса майдонни голсиз тарк этди.
Шундай қилиб, 10 мингдан ортиқ мухлис кузатиб борган ўйинда Саудия клуби навбатдаги уч очкога эга чиққан бўлса, Миржалол Қосимов шогирдлари 5-турга келиб ҳам дастлабки очкога эга чиқа олмади.
Ҳозирга келиб “С” гуруҳидан жой олган “Ал-Иттиҳод” ҳисобида 12 очко мавжуд. Жамоа муддатидан аввал нимчорак финал масаласини ҳал қилган. Ҳали 5-тур ўйинини ўтказиб улгурмаган Эроннинг “Сепаҳон” жамоаси эса 9 очко билан 2-поғонада бормоқда.

Айни кунларда Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида II Саудия ўйинлари бўлиб ўтмоқда. 27 ноябрь куни ўтказилган мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров ва Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қосимов фахрий меҳмон сифатида иштирок этди. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси (МОҚ) матбуот хизмати хабар берди.
Ар-Риёдда Отабек Умаровни Саудия Арабистони шаҳзодаси Фахад бин Мансур Ал Сауд билан учрашди. Ўзбекистон делегациясини Қироллик оиласининг яна бир вакили, мамлакат Спорт вазири, Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталари раиси шаҳзода Абдулазиз бин Туркий Ал Файсал Саудия ўйинларининг очилиш маросимига таклиф қилди. 
Умаров шаҳзода Абдулазиз билан минтақада Олимпия ҳаракатини ривожлантириш ва давлатлар ўртасида спорт соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш борасида суҳбатлашди. Жумладан, ҳар икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, йирик спорт мусобақаларига тайёргарлик доирасида терма жамоалар иштирокида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш, спорт соҳасидаги сўнгги ютуқларни баҳам кўриш борасида фикр алмашилди.
Ар-Риёдда бир вақтнинг ўзида Ислом бирдамлиги спорт ташкилотининг Конгресси ҳам ўтказилмоқда. Расмийлар мазкур тадбирда ҳам иштирок этиб, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш борасида келишувга эришди.
Ташкилий қўмита аъзолари расмий меҳмонлар учун Саудия Арабистонида спортни ривожлантириш борасидаги “Vision-2030” стратегиясини тақдим қилди. Унда Саудия Арабистонининг 2034 йил футбол бўйича жаҳон чемпионати, ёзги Осиё ўйинлари каби йирик мусобақаларга тайёргарлик режаси ҳақида турли тақдимотлар ўтказилди. Шунингдек, расмийлар “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик доирасида Саудия Арабистони билан ҳамкорлик қилиш масаласини кўриб чиқди.

Аргентина терма жамоаси сардори Лионель Месси XXI асрнинг энг яхши футболчилари юзлигида 1-ўринни эгаллади, ундан кейинги ўринни эса Португалия терма жамоаси етакчиси Криштиану Роналду қўлга киритди. Бу ҳақда “FourFourTwo” хабар берди.
XXI асрнинг энг яхши футболчиларининг кучли бешлигидан “Барселона”нинг собиқ 4 нафар футболчиси ўрин олган. Мессидан ташқари, Иньеста, Хави ва Роналдиньо ҳам кучли бешликка киритилган.
Топ-10 да “Реал”нинг собиқ футболчиларидан Зинедин Зидан ва Какани кўриш мумкин. Умумий ҳисобда кучли ўнликдан Каталония клубининг 6 нафар, “қироллик клуби”нинг эса 3 нафар футболчиси жой эгаллади.

Бразилиялик модель Бруна Бьянкарди Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” футболчиси Неймар билан ажрашганини айтди.
“Бу шахсий масала, лекин мен ҳар куни янгилик, тахмин ва ҳазилларга дучор бўлганим учун ҳозир Неймар билан яқин муносабатда эмаслигимни маълум қиламан. Биз Мэвининг ота-онасимиз ва бизни боғлайдиган ягона нарса шу. Умид қиламанки, энди менинг шахсий ҳаётим ҳақида янгиликлар камроқ бўлади, раҳмат”, деб ёзди Бьянкарди ижтимоий тармоқда.
Неймар ва Бьянкарди 2021 йилдан буён яқин муносабатда бўлиб келаётганди. Ҳозирда уларнинг икки ойлик Мэви исмли қизи бор.
Ноябрь ойи бошида Котия шаҳрида бразилиялик футболчининг қизи ва севгилисини ўғирламоқчи бўлишганди. Бьянкардининг уйига ўғрилар бостириб кириб, унинг 120 минг долларга тенг қимматбаҳо буюмлар, сумка ва соатларини ўғирлаб кетди.

“Севилья” ҳимоячиси Серхио Рамос ва унинг рафиқаси Пилар Рубио ўртасидаги муносабатлар якун топиш арафасида. 
юлдуз жуфтлик яқин кунларда ажрашганини эълон қилиши мумкин.
Футболчи 2019 йилда Пилар Рубио билан турмуш қурган. Бундан ташқари, эр-хотин 11 йилдан бери яқин муносабатда бўлиб келади. Уларнинг 4 нафар фарзанди бор.
Рамос яқинда “Latin Grammy” маросимида рафиқаси билан эмас, синглиси Мириам билан кўриниш бергани ҳам жуфтликнинг муносабатлари совуқлашганидан далолат беради. Шунингдек, ОАВ Пиларнинг қайнонаси туғилган кунида қатнашмаганига ҳам эътибор қаратди.
Ҳозирча Рамос ва Рубио ажрашиши ҳақида ўз саҳифасида ҳеч нарса эълон қилмаган. 
Маълумот учун, Пилар Рубио ҳозирда 45  ёшда. У Рамосдан 8 ёш катта. Рубио Испанияда машҳур телебошловчи ҳисобланади. У бир нечта машҳур телесериалларда ҳам роль ижро қилган.

“Пахтакор” футбол клуби шифокори Дубай-Тошкент йўналишидаги рейс қатновида йўловчининг ҳаётини сақлаб қолинишига сабабчи бўлди. 
“Ал-Айн” билан ўйиндан қайтаётган жамоа ўрин олган бортда йўловчи ўзини жуда ёмон ҳис қилган. Клуб шифокори Умид Баҳромовнинг тезкор ҳаракатлари билан бемор ўзига келган. 
“Беморга ўз вақтида ёрдам кўрсатилмаганида, самолёт бошқа шаҳарга қўниши керак бўларди”, дейилади клуб матбуот хизмати хабарида.
Таъкидлаш жоиз, Осиё Чемпионлар лигаси 5-тури доирасида сафарда “Ал-Айн”ни 3:1 ҳисобида таслим этган “шерлар” муҳим паллада уч очко қўлга киритди. Уларнинг мусобақада кейинги босқичга чиқиши кейинги 6-турда ҳал бўлади.

Халқаро футбол ассоциацияси (FIFA) миллий терма жамоаларнинг рейтинги эълон қилди. Янгиланган рейтингда Ўзбекистон миллий терма жамоаси 68-ўринни эгаллади.
Ўтган ой жадвалида Ўзбекистон миллий терма 73-ўринда бораётган эди. Ноябрь ойи якунлари бўйича Сречко Катанец шогирдлари ўз ўринларини 5 та поғонага яхшилаб олди. 
Ноябрь ойида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионати саралаши доирасида Туркманистон ва Эронга қарши баҳс олиб бориб, мағлубиятга учрамади. Катанец шогирдлари қўшниларга қарши ўйинда, сафарда 3:1 ҳисобида зафар қучган бўлса, Тошкентда Эрон билан жанговар 2:2 ҳисобидаги дурангга имзо чекди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси рейтингда Осиё жамоалари ичида 9-ўринни эгаллади. Осиё термалари ичида топ-3 дан Япония, Эрон ва Жанубий Корея жой олган. 
FIFA рейтингида ҳамон Аргентина терма жамоаси пешқадамлик қилмоқда. Франция эса 2-ўринни эгаллаб турибди. Рейтингдаги асосий ўзгариш 3-ўринда кузатилди. Мазкур поғонани банд этган Бразилия терма жамоаси ЖЧ саралашидаги қониқарсиз натижалардан кейин икки поғона пастлади. Ҳозирда 3-ўринда Англия, 4-поғонада эса Бельгия терма жамоаси қайд этилган.

Ўзбекистонлик оғир атлетикачи, Токио-2020 Олимпиадаси олтин медали соҳиби Акбар Жўраев Chevrolet Gentra автомобили билан тақдирланди. Бу ҳақда Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси матбуот хизмати хабар берди.
Автомобиль Жўраевга Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан топширилди. Кичик тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов ҳам қатнашди. 
Акбар Жўраев шу йили Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган Осиё ўйинларида ҳам иштирок этиб, кумуш медалга эга чиққанди. Ундан аввал эса, атлет, сентябрь ойида Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда ўтказилган дунё биринчилигида ғолиб бўлди. 
Ноябрь ойи бошида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Акбар Жўраевни Осиё ўйинларидаги муносиб иштироки учун пул мукофоти билан тақдирлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг