Пезешкиён Макрон билан учрашиб, Франциянинг Исроилни қўллашини қоралади
Олам
−
25 Сентябрь
5940Кеча, 24 сентябрь куни Нью-Йоркда давом этаётган БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Франция ва Эрон Президентлари Эммануэль Макрон ва Масъуд Пезешкиён ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда икки давлат раҳбарларининг матбуот хизматлари хабар берди.
Елисей саройи баёнотига кўра, Эммануэль Макрон Масъуд Пезешкиённи Исроил “Ҳизбуллоҳ”га зарба бераётган Ливандаги кескинликни камайтириш учун ўз таъсиридан фойдаланишга чақирган.
Макроннинг сўзларига кўра, Теҳроннинг тегишли таъсири Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатларни тугатиш имконини бериши мумкин.
Бундан ташқари, Макрон ва Пезешкиён Эрон ядро дастурини муҳокама қилган. Макрон “Эрон ядровий дастурининг траекториясидан чуқур хавотир билдирди” ва эронлик мавқедошини “бу масала бўйича дипломатик ечим”га эришиш учун МАГАТЭ билан тўлиқ ҳамкорликни таъминлашга чақирди.
Шунингдек, Франция Президенти Теҳронни Украина можаросида Россияни қўллаб-қувватлаш ва Москвага ўз қурол-яроғини етказиб беришдан воз кечишга чақирди.
Эрон Президенти матбуот хизматининг ёзишича, Пезешкиён Исроил жиноятлари ҳақида гапириб, Франция уларни тўхтатишда роль ўйнаши мумкинлигини айтган. Пезешкиённинг сўзларига кўра, Исроил ҳаракатларининг давом этиши вазиятни назоратдан чиқариши мумкин.
“Минтақадаги кескинлик ва можаронинг олдини олиш учун Ислом Республикаси Исроилга нисбатан ўзини тутиб турди; аммо режим Ғазодаги жиноятларини оғирлаштирди ва Ливанга ҳужум қила бошлади”, деган Эрон Президенти.
Унинг сўзларига кўра, Эрон минтақада кескинлик ва можаролар кучайишига йўл қўймаслик учун Исроил томонидан Теҳронда ҲАМАС етакчиси Исмоил Хониянинг ўлдирилишига жавобан вазминлик кўрсатган.
"Эрон ва минтақа халқлари сионистик режим жиноятларидан қаттиқ таъсирланган ва бу ваҳшийликларнинг давом этиши вазиятни назоратдан чиқариб юбориши мумкин", дейди Пезешкиён.
Шунингдек, у АҚШ ва баъзи Ғарб давлатлари, жумладан Францияни жиноятларни оқлаб, уларни режим томонидан ўзини ҳимоя қилиш учун содир этаётганини даъво қилгани учун қоралади.
"Қўшма Штатлар ва Франция каби баъзи Ғарб давлатлари қонуний ўзини ҳимоя қилиш деб таърифлаётган сионистларнинг жиноятларини қайси қоидага кўра оқлаш мумкин? Ғарб давлатлари икки томонлама стандартларни қўллашни бас қилиши керак, чунки статус-кво ва шунчаки оғзаки қоралаш баёнотлари сионистик режимга жасорат берди”, дея қўшимча қилди Пезешкиён.
Ўз навбатида, Макрон 2022 йилги тартибсизликларда иштирок этгани учун Эрон томонидан ҳибсга олинган 3 нафар француз фуқаросини озод қилишга чақирган.
Пезешкиён эса бир шахсни ҳимоя қилиш учун йиғиладиган, лекин Ғазо ва Ливанда минглаб бегуноҳ одамларнинг қирғин қилинишига сукут сақлайдиган “инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари”ни танқид қилган.
Шунингдек, Эрон Президенти унинг маъмурияти ҳам мамлакат ичида, ҳам ташқарида бирдамликка интилаётганини, қўшни давлатлар билан конструктив ҳамкорлик сиёсатини юритишини таъкидлади.
“Биз Эрон тараққиёти йўлидаги тўсиқларни енгиш учун ўзаро ҳамкорлик ва музокараларга тайёрмиз. Биз тинчлик ва барча инсоният қадр-қимматини сақлаш асосида дунё қуришга интиламиз. Шунга кўра, биз Европа давлатлари билан ҳамкорлик қилишга ва ўзаро ҳамкорлик қилишга тайёрмиз”.
У, шунингдек, Эрон халқаро муаммоларни, жумладан, Теҳроннинг ядровий дастури бўйича музокараларга тайёрлигини билдирди.
“Эрон ҳеч қачон ядро қуролига эга бўлишга интилмаган ва бундай қилмайди. Албатта, биз анъанавий тарзда мудофаа қобилиятимизни ва олдини олиш кучимизни ошириш устида ишлаяпмиз”, деди у.
Ўз навбатида, Макрон Ғарбий Осиёда юз бераётган воқеалар, хусусан, Исроилнинг Ливаннинг турли қисмларига шиддатли ҳужумлари юзасидан хавотир билдирди.
“Франция Ливанга қарши тажовузни кескин қоралади ва бу ҳужумларни тўхтатиш учун бор кучини сарфлади”, деди Макрон.
Маълумот учун, бу Масъуд Пезешкиён ва Эммануэль Макроннинг биринчи бор учрашиши.
Эслатиб ўтамиз, 23 сентябрь куни Пезешкиён Нью-Йоркдаги Турк уйида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашганди.
LiveБарчаси