Перунинг янги Президенти қасамёдидан 5 кун ўтиб ишдан кетди
Олам
−
16 Ноябрь 2020
6864Кеча, 15 ноябрь куни Перунинг вақтинчалик Президенти Мануэль Мерино де Лама истеъфо берди. Бу ҳақда у халққа мурожаат қилиб сўзлаган нутқида маълум қилган.
Орадан оз вақт ўтиб эса, мамлакат парламенти раиси Луис Вальдес парламент президиуми раисларининг истеъфоси ҳақида эълон қилган.
Таъкидланишича, Мерино де Лама мамлакат Президенти вазифасини вақтинчалик бажарувчи лавозимига олти кун аввал — 10 ноябрь куни киришган эди. У пора олишда айбланаётган Мартин Вискарра ўрнини эгаллаганди.
Манбага кўра, Мерино де Ламани лавозимидан четлатиш талаби Перуда 9 ноябрь куни бошланган норозилик намойишларида икки киши ҳалок бўлиши билан боғлиқ. 14 ноябрь куни Лимада миллий полиция билан тўқнашувлар чоғида икки ёш йигит вафот этган.
Шундан кейин Перу вазирлар маҳкамасининг 13 нафар аъзоси Мерино де Лама билан ишлашдан бош тортиб, ишдан кетишини маълум қилган. Улар орасида соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, адлия, иқтисодиёт, маданият, савдо ва туризм, таълим, энергетика, мудофаа ҳамда ички ишлар вазирлари бўлган.
Меринонинг истеъфосидан бир дақиқа аввалроқ парламент раиси Луис Вальдес парламент партияларининг барчаси Президент истеъфосига рози бўлганини эълон қилган.
Республика конгресси акс ҳолда Мануэль Меринога қарши импичмент жараёнини бошлаш билан таҳдид қилган. Мамлакатнинг янги раҳбарияти ҳақида қарор қабул қилиш учун парламент шошилинч видеоконференция ўтказишни режалаштирмоқда.
Маълумот учун, Перудаги сиёсий инқироз жорий йилнинг сентябрида бошланган. Ўшанда давлат раҳбари Вискаррага тегишли аудиоёзув эълон қилинган. Давлат раҳбари пора олганликда айбланган.
Охир-оқибат, Вискарра 10 ноябрь куни лавозимидан олинган. Вискарранинг истеъфосини 105 нафар парламент аъзоси қўллаб-қувватлаган, 19 нафари қарши чиққан, тўрт киши бетараф қолган эди. Конституцияга мувофиқ, давлат раҳбари ўрнини парламент спикери Мерино де Лама эгаллаб турган, 10 ноябрь куни у қасамёд қабул қилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь