“Перевод”, коррупция, магистратурадаги “бомба” ўзгариш ёхуд ректорнинг илтимосчиларга илтимоси

Интервью

Биринчи бўлиш қийин. Ҳамма танқид қиладиган, коррупция ботқоғига ботган, сифат кўтарилмайди, деган тамға қўйилган тизимнинг бир бўлагида аёллар орасидан биринчи раҳбар бўлиш эса унданда мушкулроқ. Ўзбекистонда турли соҳада фаолият олиб борадиган эркак раҳбарларни қаттиққўл, сўконғич, қўл остидагиларни шу йўл билан бошқаришга уриниши тармоқларда тарқалган бир нечта аудиоларда аён бўлади.

QALAMPIR.UZ'нинг бугунги суҳбатдоши 2019 йилда Тошкент давлат шарқшунослик университетига ректор этиб тайинланган Гулчеҳра Рихсиева. 

“Аёллар орасидан биринчи бўлиб ректор этиб тайинланиш – катта масъулият. Нафақат ўзим, балки бутун Ўзбекистондаги раҳбар бўлишни ният қилган ва шунга интилаётган аёллар ва қизлар учун ҳам бу масъулиятни сезишим табиий. Оиладаги ижтимоий вазифаларимизни тўлиқ бажаришга масъул ва мажбурмиз. Шу билан бирга жамоада ҳам олтин ўрталикни топиш жуда муҳим. Аёлларга эркак раҳбарлардек ходимларга бошқача муомалада бўлиш тўғри келмайди. Жамоадагиларни уришиб эмас, вазиятни тўғри тушунтириб, уларни характеридан келиб чиққан ҳолда муомала қилиш жуда муҳим”, дейди Гулчеҳра Рихсиева.

Ректор таълимдаги коррупция, таниш-билишчилик ҳақида гапираркан у на берувчи, на олувчи бўлиб коррупцион жараёнларда иштирок этмаганини фахр билан урғулади.

“Шу жиҳатдан қаттиқ мақтанишим мумкин, ҳеч қачон коррупция жараёнларда берувчи бўлиб ҳам, олувчи бўлиб ҳам иштирок этмаганман. Шарқшунослик университетида ҳам пора берадиган ёки оладиганлар йўқ, деб айта оламан. Ректор бўлиб ишга келганимдан кейин биринчи бўлиб порахўрликка йўл қўймаслик кераклигини айтганман. Агар кимдир бунга йўл қўйса, қаттиқ чора кўришга ваъда берганман. Агар коррупцияга йўл қўйилса, мени бу ерда ишлашимга ҳожат йўқ, деб ҳисоблайман”, дейди Рихсиева.

Бу йилги қабул жараёнлари тугаб, мандат ҳам эълон қилинди. Тармоқлар магистратурага кирилмаганларнинг эътирозлари билан тўлмоқда. Магистратура учун имтиҳонлар ўрнига C-1 даражасидаги тил сертификатини талаб этилиши битирувчиларни элакдан ўтказди. Гулчеҳра Рихсиева битирувчилардан тил сертификати талаб этилишини қўллаб-қувватлашини айтади. Лекин, масаланинг иккинчи томони ҳам бор, ОТМларда инглиз тилини C-1 даражада биладиган, бўлажак магистрантларни ўқитадиган ўқитувчилар борми?

“Ўқитувчилар ўз устиларида ишлари учун етарлича имконият берилган. Улар инглиз тилини билишлари керак. Домлаларга ҳам тил сертификатига эга бўлиш талаби қўйилган ва бунинг учун уларни маошларига бюджетдан қўшимча пул ҳам тўланади. Магистратурага киришда тил сертификати талаб қилинишини қўллаб-қувватлайман. Магистрантларни ўқитадиган ўқитувчининг билим даражаси паст бўлиши мумкин эмас. Шарқшунослик университети тилга йўналтирилган бўлгани учун ҳам ўқитувчиларнинг билим даражаси юқори. Балки хулоса чиқаришим нотўғридир, лекин олий таълимда инглиз тилини ўқитиш даражаси етарли эмас, менимча.

Мутахассислик имтиҳони бўлмаслиги ҳақида ҳам анча эътирозлар бўлди. Бир нарсага эътибор бериш керак. Талаба 4 йил бакалаврда ўқиб, давлат имтиҳонини топширади. 4-курс сўнгида мутахассислик бўйича битирув мавлавий ишини ёқлайди. Шунингдек, давлат имтиҳонидан ўтади ва диплом олади. Магистратурага кираётганда яна ўша учта савол ёзилган савол билан имтиҳон қилишга ўрин йўқ. Чунки, ўзимиз диплом берганмиз. Агар у мутахассисликдан имтиҳондан ўта олмаса, берилган дипломни даражаси нима бўлади?”, дейди Рихсиева.

Бир муддат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган, кўп соҳалардаги муаммоларни ўрганган ректор билан:

• таълимдаги ўзгаришлар;
• ўқишга қабул;
• имтиҳонлар;
• ўқишни кўчириш ва унинг сабаблари;
• магистратурага талаб этилаётган тил сертификати;
• талабалар ва ўқитувчиларнинг билим даражаси;
• таниш-билишчилик, каби мавзуларда суҳбатлашдик.

Тошкент давлат Шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева билан интервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ'нинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

148

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг