Пентагон уюштирган ҳаво ҳужумини Теҳрон учун огоҳлантириш деб атади

Олам

image

Аввал хабар берганимиздек, АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари Суриядаги эронпараст тузилмаларнинг позицияларига ҳаво ҳужумини амалга оширган эди. Пентагон мазкур ҳаракатни Эрон расмийларини бевосита огоҳлантириш деб атади. Бу ҳақда кеча, 24 март куни АҚШ Мудофаа вазирлиги вакилига таяниб, “Sky News Arabia” хабар берди.

“АҚШнинг Эрон инқилоби қўриқчилари корпуси (Эрон Қуролли кучларининг элита бўлинмалари) позицияларига ҳаво ҳужуми Эронга тўғридан-тўғри огоҳлантиришдир”, деган Пентагон вакили.

Унинг маълум қилишича, АҚШнинг минтақадаги кучлари Теҳроннинг беқарорлаштирувчи фаолиятига қарши туриш учун юқори шай ҳолатда.

Қайд этилишича, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан Ироқ билан чегарадаги Бу-Камолдаги эронпараст кучларнинг позицияларига, Меядиндаги жангчилар лагерига ва Дайр эз-Зор яқинидаги қурол-яроғ омборларига ҳаво зарбалари берилган. Эрон инқилоби қўриқчилари корпуси томонидан назорат қилинадиган объектларга ҳужум 23 март куни АҚШнинг Румейландаги базасининг вертолёт майдончасига дрон томонидан қилинган ҳужумдан кейин содир бўлган. Оқибатда бир америкалик аскар ҳалок бўлган, яна олти нафари яраланган. Америка ўтказган рейдда эса камида 11 нафар шиа жангчиси ҳалок бўлган.

Маълумот учун, 2015 йилдан бери Қўшма Штатлар Сурия шимоли-шарқида “Сурия демократик кучлари” коалициясининг курд қўшинлари назоратида бўлган тўққизта ҳарбий базани ўрнатди. Улардан тўрттаси Дайр-аз-Зордаги нефть конлари яқинида, яна бештаси қўшни Хасек вилоятида жойлашган. Бир неча юз америкалик ҳарбий хизматчи “Сурия демократик кучлари”га ИШИД  террорчиларининг фаоллашган тўдаларига қарши курашда ёрдам бермоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Пентагон Теҳрон ҳаво ҳужуми

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг