Пентагон Украинага 300 миллион доллар қўшимча ҳарбий ёрдам ажратади. У нималардан иборат?
Олам
−
01 Июнь 2023
3757Америка Қўшма Штатлари Украинага яна 300 миллион долларлик ҳарбий ёрдам пакети ўтказилишини эълон қилди. У Stinger зенит тизимлари, Avenger ҳаво мудофаа тизимлари ва AT-4 танкга қарши тизимларини ўз ичига олади. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳарбий ёрдам пакети Киев HIMARS MLRS, Patriot ҳаво мудофаа тизимлари ҳамда танклар, артиллерия, авиация ва дронлар учун ўқ-дориларни ҳам ўз ичига олади.
Вашингтон Украинага HIMARS ракета тизимлари, Abrams танклари ва бошқа ҳарбий техникалар жўнатилишини ҳам эълон қилган. Бундан ташқари, F-16 қирувчи самолётларини ҳам Киевга топширишга рухсат берган.
Ҳозирча АҚШ Киевга узоқ масофага учувчи ATACMS ракеталарини беришдан бош тортмоқда. Украина Президенти Владимир Зеленский Вашингтонга мазкур ракеталарни Украинага топшириш бўйича бир неча марта талаб қўйди. Аммо АҚШ Президенти Жо Байден ATACMS таъминоти масаласининг ҳали ҳам кўриб чиқилаётганини билдирган.
ATACMS ракеталари 300 кмгача бўлган масофадаги нишонларни уриб туширишга қодир. Зеленскийнинг айтишича, бундай қуроллар рус ҳарбийлари ўз ракеталарини фронт чизиғидан узоқроққа жойлаштиришига сабаб бўлади ва уларни Украина шаҳарларини вайрон қилиш имкониятидан маҳрум қилади. Шунга қарамай, Украина ATACMS'нинг инглиз аналогларини – 300 кмгача бўлган узоқ масофали Storm Shadow ракеталарини олишга муваффақ бўлди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Жо Байден Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетининг ҳажми 375 миллион долларни ташкил этишини маълум қилган эди. Шунингдек, Европа Иттифоқи олий вакили Жозеп Боррель Европа тинчлик фонди Украинага ҳарбий ёрдам учун 10 миллиард евро ажратгани ҳақида хабар берганди.
LiveБарчаси