Пентагон ҳужжатларини ошкор қилган америкалик 15 йилга қамалди
Олам
−
13 Ноябрь
3416Украинадаги уруш ҳақидаги махфий ҳарбий ҳужжатларни ошкор қилишда айбланган АҚШ Миллий гвардияси ҳарбий хизматчиси Жек Тейшейра 15 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги баёнотида маълум қилинди.
АҚШнинг 22 ёшли ҳарбий IT-мутахассиси Жек Тейшейра ўз мамлакатининг миллий мудофааси тўғрисидаги махфий маълумотларни, шу жумладан Украинадаги урушга оид махфий сақланган ҳарбий ҳужжатларни ошкор қилгани учун 15 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Массачусетс Миллий гвардияси ҳарбий хизматчисининг ҳукми жорий йилнинг 12 ноябрь куни федерал судья томонидан эълон қилинган. Судда Тейшейра ҳукмга ҳеч қандай эътироз билдирмаган.
“Жек Тейшейра интернетдаги аноним дўстларини ҳайратда қолдириш учун ижтимоий тармоқларда миллий мудофаа ҳақидаги махфий маълумотларни бир неча бор баҳам кўрди”, деди Адлия вазири Меррик Гарланд.
Туман прокурорига кўра, у АҚШнинг иттифоқчилари билан муносабатларини бузган.
2024 йил март ойида, ҳибсга олинганидан деярли бир йил ўтгач, Жек Тейшейра жосуслик тўғрисидаги қонунга биноан “миллий мудофаа маълумотларини қасддан сақлаш ва узатиш” бўйича олтита айбловда ҳам ўз айбини тан олган.
АҚШ расмийларига кўра, Тейшейра биринчи марта 2022 йил октябрь ойида махфий маълумотларни ижтимоий тармоқларда тарқатган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Исроилда “яҳудий давлатининг Ғазо секторидаги ҳарбий мақсадларига эришишига тўсқинлик қилиши мумкин бўлган” разведка маълумотларини ошкор қилганликда гумон қилинганлар ҳибсга олинганди.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15