Пенсия ва нафақа пулларини кечиктирган тижорат банклари жаримага тортилади
Жамият
−
07 Май 2021
5826АОКАда Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи Муҳаммазоир Ўринбоев иштирокида тизимга киритилаётган янгиликлар, қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар моҳиятига бағишланган брифинг ўтказилди.
Унда айтилишича, “Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида қуйидагилар назарда тутилган:
2022 йил 1 январдан бошлаб пенсия, нафақа ва бошқа тўловларни аҳолига етказиб бериш ҳар 3 йилда ҳудудларда алоҳида тендер асосида танланган тижорат банки ёки бошқа ихтисослашган ташкилот томонидан амалга оширилади.
Тендер танловида пенсия ва нафақа олувчиларга энг яхши ва қулай шароит ҳамда арзонроқ хизмат ҳақи таклиф этган тижорат банки ёки бошқа иҳтисослашган ташкилот ғолиб деб белгиланади. Яъни, ушбу йўналишда соғлом рақобат муҳити яратилади ҳамда тижорат банклари ўртасида фуқароларга пенсия ва нафақаларни етказишда шароитларни яхшилаш учун харакатни рағбатлантиради (бугунги кунда ушбу тўловлар фақат Халқ банки филиаллари томонидан етказиб берилмоқда ва бунинг учун 0,9 фоиз хизмат ҳақи тўланмоқда).
Тендерда иштирок этадиган тижорат банки томонидан хизмат ҳақи миқдори тўловларни яшаш манзилига ёки маҳалла фуқаролар йиғини биносига етказиш шартларидан келиб чиқиб, дифференциялашган тартибда сумманинг 1 фоизигача белгилаш мумкин.
Пенсия ва нафақаларни фуқароларга етказиб бериш бўйича хизмат ҳақи харажатлари Пенсия жамғармаси ва республика бюджетидан тўлаб берилади. Яъни, фуқароларнинг пенсия ва нафақа суммасидан хизмат ҳақи ушланмайди.
Бундан ташқари ушбу тизимни жорий этилиши натижасида фуқароларга қуйидаги қўшимча қулайликлар яратилади:
- “режали тўлов” хизмати жорий этилиб, фуқаролар хоҳишига кўра ўзларининг пенсия ва нафақаларидан коммунал тўловлари, кредит ёки бошқа тўловларни амалга ошириш имконияти яратилади;
- фуқароларга исталган вақтда тижорат банки ва Пенсия жамғармасига келмаган ҳолда мобиль илова ёрдамида ёки Call-марказга мурожаат қилиш орқали ўзларининг пенсия ва нафақалари олиш шаклини (нақд пулда ёки банк картаси орқали) ўзгартириш имконияти яратилади.
- тижорат банклари томонидан пенсия ва нафақаларни етказиб бериш кечиктирилганлиги учун жарима тўлаш тартиби татбиқ этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги фуқароларга нафақа тайинлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланганди.