Пекин Янги Қозоғистонни барпо этишда яқиндан кўмаклашади – Си Цзиньпин
Олам
−
05 Февраль 2022
3613Пекин-2022 қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этиш учун Хитойга ташриф буюрган Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 5 февраль куни ХХР Раиси Си Цзиньпин билан музокара ўтказди. Бу ҳақда, Қозоғистон Президенти Администрацияси Матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, дўстлик ва ўзаро ишонч руҳида ўтган учрашувда давлат раҳбарлари Қозоғистон-Хитой ўртасидаги стратегик шериклик доирасида кенг кўламли масалаларини муҳокама қилишган.
Давлат раҳбарлари халқаро майдонда содир бўлаётган воқеалар юзасидан ҳам фикр алмашишган.
Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Хитой раҳбари билан учрашув мобайнида қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросими юксак даражада ташкил этилганини таъкидлаган.
“Пекин Олимпиадаси бутун инсоният учун ҳал қилувчи паллада бўлиб ўтмоқда. Олимпиада инсониятга янгиланиш ва пандемия даврида юзага келган қийинчиликларни енгиш учун кучли сигнал бўлади”, дейди Қозоғистон раҳбари.
Президент Тўқаев Си Цзиньпинга Қозоғистонда юз берган январь воқеалари мобайнида мамлакатда вазиятни назоратга олиш ва тинчликни таъминлашда кўрсатган дўстона кўмаги учун миннатдорлик билдирган.
Бундан ташқари, Тўқаев ўзининг Хитойлик ҳамкасбига “Янги Қозоғистон”ни қуруш йўлида Пекиннинг хайрихоҳлиги учун раҳмат айтган.
Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик, яқин қўшничилик ва стратегик шериклик ришталарини мустаҳкамлкашга урғу берган Тўқаев Си Цзиньпинни жорий йил сентябрь ойида расмий ташриф билан Қозоғистонга таклиф қилган.
Ўз навбатида, ХХР Раиси ўзининг Қозоғистонлик ҳамкасбига Пекиннинг “Бир Хитой” сиёсатини қўллаб-қувватлагани ва икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ришталарини мухтаҳкамлаш йўлида олиб бораётган саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик изҳор этган.
Си Цзиньпинга кўра, ушбу учрашув Қозоғистон ва Хитой муносабатларида кейинги 30 йиллик “олтин давр”ни бошлаб беради.
Бундан ташқари, Хитой Раиси Қосим-Жомарт Тўқаевнинг оқилона сиёсати ва раҳбарлиги остида Қозоғистонда кучли давлатчилик шаклланаётгани ва Пекин “Янги Қозоғистон”ни барпо этишда мамлакатга яқиндан ёрдам беришини билдирган.
Си Цзиньпин Қозоғистон Президентининг сентябрь ойидаги расмий ташриф ҳақида билдирган таклифи қабул қилган.
LiveБарчаси