Педофил амалдорларга Ҳукумат нега кўз юмиб келди?
3-саҳифа
−
02 Апрель 2023
23455Уларнинг номи даъюслар, дунё бунда маъюслар. Наҳот ҳазар қилмайди, ор-номусни топтайди. Шоир ушбу мисраларни ёзганида нақадар ҳақли экан. Хоразмда Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари давлат амалдорлари қўлида ўйинчоқ бўлиб, муттасил жинсий зўрланганини эшитганимдан буён тилимдан шу мисралар тўкиляпти.
Қизларни амалдорлар қучоғига ташлаган ҳам бегона эмас. Улардан бири одатда Меҳрибонлик уйларида катта ойи дейиладиган, аммо бу номни умуман оқламаган Юлдуз Худойберганова. 15-17 ёшдаги вояга етмаган қизларга кўз олайтириб, жинсий эҳтиёжларини қондириб келган эркакларнинг бири кимсан Хоразм Адлия бошқармаси бошлиғи Ойбек Машарипов, иккинчиси эса Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Анвар Қурязов. Уларнинг иши жамоатчиликнинг кўзидан йироқ, яширин ва ёпиқ тарзда кўрилиб, мудира 5,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Жинсий зўравонларга эса 1,5 йил озодликдан чеклаш жазоси тайинланган. Буларни эшитиб дод дегинг келади.
Хўш, бу воқеалар қандай рўй берди ўзи? Келинг, жамиятимизни тебратаётган, жамоатчиликнинг хақли эътирози ва амалдорларга нисбатан ишончсизлигини орттираётган ушбу ҳолат хронологиясини бирма бир кўриб чиқсак.
Хоразмда Оилавий меҳрибонлик уйи раҳбари ўз васийлигидаги қизлардан 3 нафарини 2021 йил май – 2022 йил февраль ойлари оралиғида нақ 10 ой моддий рағбат эвазига турли эркаклар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаб келган. Бу ҳолат бўйича айбдорларга жавобгарлик белгиланган, аммо кимнинг, қайси кучларнинг аралашуви билан билмадик, ёпиғлик қозон ёпиғлигича қолиб, воқеа жамоатчиликка чиқмаган. Аммо “Сукут сақлама” лойиҳаси ҳақиқатдан ҳам бу масалада сукут сақлай олмади.
2021 йил май ойи бошида Меҳрибонлик уйи раҳбари Юлдуз Худойберганова ўша пайтда ҳали 16 ёшга тўлмаган қизни танлаб, танишларидан бири билан жинсий алоқага киришга мажбур қилган. Қиз бунга қаршилик қилишига қарамасдан, мудира ўқлов билан барча болаларнинг кўз ўнгида қизнинг кичик укасини калтаклай бошлаган. Қизнинг иродасини синдириб, мудира кейинчалик уни ўзи айтган эркаклар билан алоқага қилишга мажбурлаган.
Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Ойбек Машарипов эса мудиранинг муаммоларини ҳал қилишда ўз ваколатларини ишга солишини ваъда қилиб, 2021 йил апрель ойида унга хайрия сифатида принтер совға қилади. Қурилма шундоқ ҳам эски, вилоят адлия бошқармаси балансида бўлган, ишлатилган, кейинчалик яроқсиз ҳолга келган. Бундай “хайрия”дан бир неча ҳафта ўтгач, эркак меҳрибонлик уйи раҳбаридан унга жинсий эҳтиёжларини қондириш учун қиз беришини талаб қилади. Шунда мудира 17 ёшли етим қизни танлайди ва уни оч қолдириб, ташқарига чиқишини таъқиқлаб, бошқа болалардан ажратиб қўяди.
Кейин мудира қизга вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи унга 250 минг сўмлик спорт оёқ кийими олиб бергани учун у билан жинсий алоқа қилишга мажбур эканини айтади. Эркак қиз билан жинсий алоқада бўлиши учун Адлия бошқармаси томонидан вилоят адлия бошқармаси ходимларига ажратилган хонадондан фойдаланган. Кўряпсизми, қай аҳволдамиз. Булар халқ солиқлари эвазига олинган хизмат уйидан ўзининг ана шундай жирканч мақсадлари йўлида фойдаланган.
Орадан бир ой ўтиб, нафси ҳакалак отган Машарипов 2021 йил июнь ойида яна мудирадан қиз талаб қилиб, 15 ёшли қиз билан ҳам шу хонадонда жинсий алоқа қилади. Узоқ вақт ўтмасдан ўша квартирага яна бир “қурбон” олиб келинади, у ҳам жинсий алоқа қилишга мажбурланади – бу 16 ёшли мактаб ўқувчиси эди. Воқеалар қайта-қайта такрорланиб, ўн ой давомида вилоят Адлия бошқармасининг хизмат хонадони жинсий алоқа майдонига айланади.
Фавқулодда вазиятлар бўлимининг туман бўлими бошлиғи Анвар Қурязов ҳам аввалги амалдордан қолишмай, Меҳрибонлик уйи раҳбарига унинг муаммоларини ҳал қилишда ёрдам беришини айтади. Май ойи бошида ҳомийлик сифатида болалар учун диван, шкаф, ошхона столи совға қилади ва болаларга турли ширинликлар олиб келади. Бунинг эвазига 2021 йил июнь ойи бошида у ҳам жинсий алоқа қилиш учун қиз талаб қилади. Қурязовнинг қўлига 17 яшар етим қиз тутқазилади ва у қизни бошқа жойга олиб кетиб ўтирмайди. Жирканч мақсадини меҳрибонлик уйи ётоқхонасининг ўзида амалга оширади ва унга бу учун барча шарт-шароит яратиб берилади. Июнь ойининг охирида у меҳрибонлик уйи раҳбарига 200 минг сўм бериб, яна шу қиз билан бирга бўлади. Кейин эса меҳрибонлик уйига озиқ-овқат ва ичимликлар олиб келади ва бунинг эвазига 15 ёшли қизни жинсий алоқа қилишга мажбурлайди. Қизлар у билан бир неча бор жинсий алоқа қилишга мажбур бўлишади.
Қинғир ишнинг қийиғи 40 йилда ҳам чиқади деганларидек, нима ҳам бўлдию Хоразм вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи Ойбек Машарипов, Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Анвар Қурязов ва Меҳрибонлик уйи мудираси Юлдуз Худойберганованинг ифлос ҳамкорлиги фош бўлди. Аммо ҳаммаси ими-жимида, хамирдан қил суғиргандек, амалга оширилди.
Суд эсини таниганиданоқ давлатнинг, давлат тайинлаган амалдорларнинг қўлига қарам бўлган қизлар уларга қарши боролмаган. Кўрсатилаётган саховат, устидаги кийим, кросовка, еётган овқатининг бир бадали борлиги, бу бадал эса бадани деб тушунган қизлар судда на уларни уларни жинсий алоқага мажбурлаган мудирага ҳам, амалдор эркакларга ҳам қарши боролмаган.
2022 йилнинг сентябрь ойида биринчи инстанция суди уларни қуйидаги жиноятларни содир этганликда айбдор деб топган:
1979 йилда Урганч шаҳрида туғилган, Хоразм вилояти Халқ таълим бошқармасига қарашли Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйи раҳбари бўлган Юлдуз Худойберганова Жиноят кодекси 135-моддаси 3-қисми “а” банди (18 ёшга тўлмагани айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган одам савдоси), 167-моддаси 2-қисми “г” банди (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси 1-қисмида (Мансаб сохтакорлиги) назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди. Суд унга 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
1979 йилда Нукус шаҳрида туғилган, Хоразм вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Ойбек Машарипов ва 1984 йилда Янгиариқ туманида туғилган, Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Анвар Қурязов Жиноят кодексининг 128 (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) ва 128-1-моддасида (Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёхуд мулкий манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш) назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган. Уларнинг ҳар иккисига 1,5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди: бу вақт давомида уларга 22:00 дан 06:00 гача уйдан чиқиш тақиқланади. Шунингдек, пробация органларини огоҳлантирмасдан яшаш жойини ўзгартиришлари ва яшаш тумани чегараларини тарк этиши тақиқланади. Тушуняпсизми, нима? Шунча норасиданинг уволи, кўз ёшлари тутмади уларни. Суд ҳам адолат қилмади. Ҳаммаси жуда осон ёпди-ёпди қилинди.
Бу ҳам етмагандек 2022 йилнинг декабрь ойида апелляция инстанцияси суди суд қарорини ўзгартиришсиз қолдирди. Ана энди ушбу ишни кўрган муҳтарам судьяларнинг виждони, инсофи олдида тил ожиз.
“Сукут сақлама” лойиҳасининг афсус билан ёзишича, ҳатто, идоралар ходимлари орасида ҳам ўзлари бузуқ бўлган вояга етмаган қизлар борлигига ишонадиганлари бор, қизлар эркакларга осилиб, жинсий алоқа қилишни хоҳлашармиш. Бундай кимсаларнинг амал курсисида ўтирганининг ўзи қўрқинчли.
Воқеа-ку содир бўлди. Уни ортга қайтариб бўлмайди. Аммо энг ёмони келгусида шундай ҳолатлар рўй бермаслигининг олди олинмаслиги, сабаблари билан курашилмаслиги, бу жирканчликка қўл урган педофил амалдорлар иши ёпиқлигича қолиб кетиши. Демак, ўз-ўзидан бундан манфаатдорлар ҳам бўлган. Нега бошқа судлар очиқ мажлисларда кўриладию буларники ёпиқ ўтказилди. ОАВга жар солинмади, жамоатчилик таклиф этилмади? Ё давлат сири даражасидаги ишмиди? Энди жамоатчилик вакиллари бу воқеани овоз чиқариб айтишни бошлагандан кейин ҳамма меҳрибон ҳимоячига айланиб қолди. Нима амалдорлар ҳам бу воқеадан биз қатори кечагина хабар топдими? Ё билардию шунча вақт мум тишлаб ўтирдими? Мен сизга айтсам, била туриб мум тишлаганларнинг ҳаммаси шу ҳолат учун жавобгар.
Кеча бирдан шунча вақт миқ этмай ўтирган Олий суд бирдан тилга кириб, иш тафсилотларини, ўша амалдорларнинг лавозимини очиқлади. Болалар омбудсмани ишни ўрганишни бошлаганини айтди. Кечирасизу наҳотки омбудсман бу ишдан бошқалар қатори хабар топяпти. Хоним Юнусова агар сиз биз қатори хабар топиб, энди ишни бошлаган бўлсангиз, сиз билмаган яна қанча бундай жирканчликлар бор экана мамлакатда.
Қолаверса, бу воқеадан ўша вақтда Халқ таълими вазири бўлиб ишлаган ва бугун мамлакатнинг бош дипломатига айланган Бахтиёр Саидов, Адлия вазирлигини бошқарган ва бугун Президентга маслаҳатчилик қилаётган Руслан Давлетов, Фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошевнинг наҳот хабари бўлмаган деган савол мени қийнаяпти. Ростан ҳам хабари бўлмаганмикин?
Агар бундай ҳолат оддий одамлар билан содир бўлса, ноғора чалиб айтиб чиқилади. Ҳамма бу ҳолат ортидан ўзига пиар қилиш мақсадида ундоқ қилодурмиз, бундоқ қилодурмиз, чидаб бўлмайди, тоқат қилолмаймиз, деган баёнотлар билан чиқади. Лекин гап Адлия ва ФВВ ходимларининг ҳаракатига келганда, ҳамма жим қолди, на ИИВ, на прокуратура гапирди. Ҳатто, Канизанинг иштонини ҳимоя қилиб чиққанлар ҳам, домланинг гапига эътироз билдирганлар ҳам бу масалага келганда мум тишлади.
Яна бир фикрга кўра, аслида ушбу ҳолат Сенатнинг мажлисларидан бирида жамоатчилик фаоллари, хусусан, “Сукут сақлама” лойиҳаси раҳбари Ирина Метвиенко томонидан кўтарилган. Залда сенаторлар, Адлия, Олий суд ва бошқа идоралар вакиллари бўлган. Аммо ҳеч ким мажлис давомида ҳам, ундан кейин ҳам бу воқеани муҳокама қилмаган. Кар, соқов, кўр режими энг юқори даражада ишлаган. Бу воқеа жамоатчиликка ошкор бўлгач, кўплар бу ҳақда энди эшитиб тургандек ҳайрат билан баёнот бераётгани, ёқа ушлашга мажбур қилади.
Ижтимоий тармоқда эса эътирозлар ортгандан ортиб бормоқда. “Бутун бир вилоят Адлия бошқарувини педофилга ишонган давлатдан нима кутиш мумкин?” дея савол билан юзланди профессор Барногул Санақулова.
Журналист ва ёзувчи Рустам Жабборовнинг фикрича, бундай амалдорлар от устида экан, Янги Ўзбекистон, халқ розилиги, адолатли жамият ҳақида орзулар қуруқ гап бўлиб қолаверади.
Шунингдек, жамоатчилик педофил амалдорлар қаторида, уларнинг жирканчлигига марҳамат кўрсатган судьяларга ҳам муносиб жазо берилиши кераклигини айтмоқда. Бу ишда Адлия бошқармаси бошлиғи Машарипов, туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Қурязов ва Меҳрибонлик уйи мудираси Худойберганова қанчалик айбдор бўлса, судья ҳам кам айбдор эмас деганлар кўп бўлмоқда.
Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўба мудири Саида Мирзиёева Хоразмдаги воқеа иштирокчилари орасида ҳуқуқ идораси вакиллари ҳам борлиги ниҳоятда хавотирли эканини айтиб чиқди.
Бош прокуратурадан мазкур ҳолатга алоҳида эътибор қаратиб, синчиклаб ўрганишни ва ҳуқуқий баҳо беришни сўради.
Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Аллажмонов педофилларга нисбатан кимёвий кастрация жазосини қўллаш юзасидан қонунчиликка ўзгартириш киритиш вақти келганини айтди. Аммо бу ҳолатда гап кастрация ҳақида кетмаяпти. Агар суд тизими адолатли ва очиқ бўлмас экан, вазирликлар воқеа оддий одамлар билан содир бўлганда ноғора чалиб, ўзига келганда мум тишлаб ўтираркан, кастрация ҳам фойда бермайди. Ҳамма нарса очиқ-ойдин жиноятни тасдиқлаб турганда икки амалдор қамоқдан қутулиб қолганда, кастрациядан қутулиб қолмайдими ё уларни сақлаб қоладиганлар топилмайдими?
Хуллас ҳолат бўйича сўнгги тафсилотларга тўхталсак, Бош прокуратура томонидан Хоразм вилоятидаги ҳолат билан боғлиқ жиноят иши бўйича чиқарилган суд ҳукми ва аппеляция инстанциясининг ажримлари қонунийлиги ўрганилган.
29 март куни судланган А.Машарипов ва А.Курязовларга енгил жазо тайинлангани ва бошқа ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанцияси судига протест келтирилган.
Урганчда қизларнинг зўрланиши иши бўйича суд қароридан Nemolchi.uz лойиҳаси хабар бергунига қадар қарийб етти ой давомида жамоатчилик хабардор бўлмаган. Балки хабардор ҳам бўлмасдик. Биз билмаганларимиз қанча ҳали. Аҳволимизга ачиндим.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь