Павел Дуров яна Қозоғистонга келади

Олам

image

Telegram асосчиси ва бош директори Павел Дуров жорий йилнинг 2 октябрь куни Қозоғистоннинг Остона шаҳридаги “Digital Bridge” халқаро технология форумида нутқ сўзлайди. Бу ҳақда Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Жаслан Мадиев маълум қилди.

Форумнинг асосий тадбирларидан бири Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев иштирокида бўладиган “Alem.ai” халқаро сунъий интеллект марказининг тантанали очилиши бўлади.

Шу куни етакчи глобал экспертлар ва технология соҳаси етакчилари иштирокидаги ялпи мажлис ҳам бўлиб ўтади. Сессияда Павел Дуровдан ташқари БААнинг сунъий интеллект, рақамли иқтисодиёт ва масофавий иш бўйича давлат вазири Умар Султон Ал Олама каби таниқли шахслар иштирок этади. Бундан ташқари, Sinovation Ventures асосчиси ва бош директори Кай-Фу Ли, Стэнфорд профессори Илья Стребулаев, Google тадқиқот директори Питер Норвиг ҳам қатнашади. Учрашувни Solana Foundation президенти Лили Лю бошқаради.

Форум дастурида сунъий интеллектнинг энг яхши лойиҳалари учун питч-сессия ҳам мавжуд. Финалчилар тўрт номинация бўйича беллашади: мактаб ўқувчилари, коллеж ва университет талабалари ҳамда стартап жамоалари. Уларнинг ишланмалари халқаро экспертлар, инвесторлар ва ҳукумат вакилларига тақдим этилади.

Маълумот учун, Павел Дуров ўтган йилнинг июнь ойида ҳам Ўзбекистонга келганди. Дуров Ўзбекистонга сафари ҳақида ёзар экан, мамлакатнинг 70 фоиздан ортиқ аҳолиси Тelegram’дан фойдаланишини айтганди.

Шунингдек, Дуров Қозоғистонга ҳам бориб, ушбу мамлакат ҳақида ҳам фикр билдирганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлигига айлантирилганди. Жорий йилнинг 8 сентябрь куни Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистон халқига мурожаатномасида “Рақамли код тўғрисида”ги қонунни кечиктирмасдан қабул қилиш зарурлигини таъкидлаб, амалдаги тегишли вазирлик негизида Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлигини ташкил этиш зарурлигини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Павел Дуров форум сунъий интеллект Жаслан Мадиев Digital Bridge

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг