Пасхаликлар Американи Колумбдан анча олдин кашф қилган – тадқиқот
Олам
−
12 Сентябрь
5283Даниялик, швейцариялик ва бошқа бир қатор халқаро олимлар гуруҳи Пасха ороли номи билан машҳур бўлган Рапа-Нуи ороли аҳолисининг генетик тадқиқотини ўтказди. Уларнинг хулосасига кўра, Рапа-Нуи халқи Америкага саёҳат қилган ва унинг туб аҳолиси билан қитъа европаликлар томонидан кашф этилишидан анча олдин алоқада бўлган. Бу ҳақдаги тадқиқот “Nature” илмий журналида чоп этилди.
Нашрнинг ёзишича, олимлар жамоаси Париждаги Musée de l’Homme музейида сақланадиган 15 нафар Рапа-Нуи халқининг ДНКсидан фойдаланган. Таҳлил натижасига кўра, орол генофондининг қарийб 10 фоизи асли америкаликларга тегишли.
“Биз келиб чиқиши америкалик Рапа-Нуи ДНКсининг полинезия генетик фонида қандай тақсимланганини ўргандик. Бу тақсимот XIII-XV асрлар оралиғида содир бўлган алоқага тўғри келади”, деб таъкидлади илмий иш муаллифларидан бири, Копенгаген университетининг геогенетика бўйича мутахассиси Виктор Морено.
Қайд этилишича, бу Пасха оролидаги полинезияликлар 1492 йилда Америка қитъасига қадам қўйган Христофор Колумб экспедициясидан камида 100 йил олдин қитъада бўлганини англатади. Олимлар, шунингдек, Пасха ороли аҳолисининг инқирози ҳақидаги узоқ вақтдан бери мавжуд бўлган назарияни рад этди. Унга кўра, Рапа-Нуи халқи мавжуд бўлган барча табиий ресурслардан фойдаланган. Бу очарчилик, урушлар ва ҳатто каннибализмга олиб келган ва аборигенларнинг ҳалокатли тарзда йўқолишига олиб келган.
Маълумот учун, Пасха ороли Тинч океанида, энг яқин аҳоли яшайдиган Полинезия оролидан 1900 км шарқда ва Жанубий Америка қирғоқларидан 3700 км узоқликда жойлашган. Бугунги кунда ушбу оролга Чили эгалик қилади.
LiveБарчаси