Пашиняннинг Самарқанддаги саммитга келмаслиги йирик йўқотиш эмас – Жўраев (видео)
Интервью
−
15 Сентябрь 2022
18023Кеча, 14 сентябрь куни Арманистон Бош вазири Никол Пашинян мамлакатнинг Озарбайжон билан чегарасидаги қуролли тўқнашув туфайли Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 15-16 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган саммитида қатнашмаслиги эълон қилинган эди.
“Мавжуд вазият туфайли Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ШҲТ саммитида иштирок этмайди”, дейилади Арманистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабарида.
Хўш, Пашиняннинг Самарқанддаги саммитда иштирок этмаслиги ШҲТ учун нима дегани ёки нимани ўзгартиради? Бу саволга айни пайтда Самарқандда бўлиб турган QALAMPIR.UZ мухбири сиёсатшунос, Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори Сайфиддин Жўраевдан жавоб олди.
Мутахассиснинг айтишича, Арманистон ШҲТда кузатувчи мамлакат сифатида иштирок этиб келган ва ҳозир мамлакатда кузатилаётган қалтис ҳарбий-сиёсий ҳолат ҳукумат раҳбарининг Саммитга келишига тўсқинлик қилмоқда.
“Лекин унинг Саммитга келмаётгани йирик бир ютқазиш эмас. Ташкилот доирасида ўзаро мулоқот қилишнинг онлайн шакли йўлга қўйилган. Албатта, иштирок этган тақдирда бу кузатувчи давлатларнинг, мулоқотларнинг тўлақонли бўлишини таъминлаган бўлар эди”, дейди Жўраев.
Эслатиб ўтамиз, Арманистон Озарбайжон қўшинларини мамлакатдан чиқариб юбориш учун Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан ҳарбий ёрдам кутаётганини маълум қилган эди.
Маълумот ўрнида, 13 сентябрга ўтар кечаси Арманистон Қуролли Кучлари бўлинмалари Озарбайжон-Арманистон давлат чегарасининг Дашкесан, Калбажар ва Лочин йўналишларида кенг кўламли провокацияни амалга оширган эди.
Арманистон ва Озарбайжон чегарасида жанглар 13 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 00:05 да бошланди. Баку Ереванни провокацияларда айблади ва шунинг ортидан тўқнашув юз берганини маълум қилди. Қуролли тўқнашувларда ҳозирча Арманистон 105 нафар, Озарбайжондан 71 нафар ҳарбий ҳалок бўлгани маълум.
Расмий Бакуга кўра, 13 сентябрга ўтар кечаси Арманистон Қуролли Кучлари бўлинмалари Озарбайжон-Арманистон давлат чегарасининг Дашкесан, Калбажар ва Лочин йўналишларида кенг кўламли провокация содир этган. Томонлар 13 сентябрь куни тонгда ўт очишни тўхтатиш режими тиклашга келишиб олди. Бироқ сулҳ бир суткага бормай бузилди. 14 сентябрь куни Баку ва Ереван яна ўт очишни тўхтатишга эришди.
Арманистоннинг талаби билан Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Коллектив хавфсизлик кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши ўтказилди. Унда ташкилот бош котиби раҳбарлигидаги миссия воқеа жойига бориб, вазиятни ўрганишига келишилди.
Ҳулкар Муртазоева
LiveБарчаси