Пашинян КХШТ Қорабоғ урушида Арманистонни ёлғиз қолдирганидан нолиди

Олам

image

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти 2020 йилда Озарбайжон билан содир бўлган можаро пайтида Арманистон кутганидек ҳаракат қилмади. Бу ҳақда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян бугун, 16 май куни Москвада ўтган КХШТ саммитида айтиб ўтди.

“Афсуски, ташкилот Арманистон Республикаси кутганидек муносабат билдирди деб айта олмаймиз”, деган Никол Пашинян Беларусь фуқароси Александр Лукашенконинг КХШТ аъзоларини биргаликда ҳаракат қилиш ва таҳдидларга жавоб қайтариш ҳақидаги баёнотига жавобан.

Шунингдек, Пашинян 2020 йилда Қорабоғ можароси пайтида Арманистон КХШТни Озарбайжонга қурол сотмасликка чақирганини, бироқ ташкилот аъзолари бу илтимосни эътиборсиз қолдирганини эслатган. 

Шу билан бирга, Арманистон Бош вазири Россияга Қорабоғдаги жанговар ҳаракатларни тугатишга ёрдам бергани учун миннатдорлик билдирган. Унга кўра, 2020 йилда Россия урушаётган давлатлар ўртасида келишув имзоланишига ҳисса қўшди ва Тоғли Қорабоғга 1,9 минг тинчликпарвар кучларини юборган.

“Ташкилотимизга аъзо мамлакатларнинг овозларига келсак, кўпинча бизнинг овозларимиз бир хил эмас. Аммо бу янги муаммо эмас, бу бизнинг ташкилотимизда узоқ вақтдан бери мавжуд. Арманистон бу масалани қайта-қайта кўтарган ва у муҳокамага муҳтож”, дейди Пашинян.

Қорабоғ уруши  

Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олишди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10-сига ўтар тунда “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Шуниси аниқки, уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.  

Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган Bayraktar учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

95

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг