Пашинян Алиев билан гувоҳсиз кўриша олмайдими? Макрон сабаб тинчлик жараёни чўзиляпти

Олам 2533
image

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Франциянинг Баку ва Ереван ўртасидаги тинчлик жараёнидаги иштирокига қарши чиқди ва Франция раҳбари Эммануэль Макронни можаро иштирокчиларидан бирининг тарафини олганликда айблаб, танқид қилди. 

“Прагадаги учрашувдан бир ҳафта ўтмай Франция Президенти Макрон ўз интервьюсида Озарбайжонни танқид қилди ва биз қилмаган ишларда бизни айблади. Бунинг ортидан Франция Сенатининг мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ва ҳақоратли резолюцияси қабул қилинди. Кейин Франция Миллий Ассамблеясининг Озарбайжонга қарши яна бир резолюцияси, кейин Франциянинг [Халқаро Ташкилот] Франкофония саммити орқали бизга ҳужум қилишга уриниши юз берди. Буларнинг барчасини инобатга олсак, Франция тинчлик жараёнида иштирок эта олмаслиги аниқ”, дейди Алиев Бакудаги халқаро анжуманда. 

Унинг қайд этишича, Никол Пашинян билан навбатдаги учрашув 7 декабрь куни Брюсселда ўтказилиши белгиланган эди. Бироқ, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Алиев билан ўзаро учрашувда Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳам иштирок этишини талаб қилган. 

“Албатта, бундай бўлмайди”, дея Макроннинг иштирокига қаршилигини билдиради Алиев.

Унинг қайд этишича, Франциядан фарқли ўлароқ, Тоғли Қорабоғ масаласини ҳал қилиш бўйича бошқа воситачилар – АҚШ ва Россия ҳеч қачон расман кимнингдир тарафида бўлмаган.  

“Бошқа муқобил вариантларни кўриб чиқамиз. Кўрамиз, ким ва қандай платформада воситачи бўлади”, дея қўшимча қилди Озарбайжон Президенти.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 66
Рейтинг: 2.9
t
×