Парижда янги тезлик чегараси 30 км/соат этиб белгиланди
Олам
−
01 Сентябрь 2021
4132Франция пойтахтининг кўпгина кўчаларида ҳаракатланиш тезлиги соатига 50 километрдан 30 километрга туширилди. Жорий йил 30 августдан бошлаб ҳайдовчилар Парижда янги тезлик чегарасига риоя қилишлари шарт.
Қайд этилишича, шаҳар ҳокимияти ушбу чора пиёдалар хавфсизлигини ошириш, атроф-муҳит ифлосланишини камайтириш ва шовқин даражасини пасайтиришга ёрдам беради, деб ҳисоблайди. Бироқ кўпчилик ҳокимият қарорини аҳмоқлик деб баҳоламоқда.
“Ўйлайманки, бу катта аҳмоқлик. Бу чора бахтсиз ҳодисалар сонини камайтирмайди ва йўл ҳаракати хавфсизлигини яхшиламайди. Чунки йўл транспорт ҳодисасига тезликдан ташқари, бошқа омиллар ҳам сабаб бўлади. Масалан, маст ҳолатда ёки ҳайдовчилик гувоҳномасисиз машина ҳайдаш”, дейди Франция пойтахти чеккасида яшовчи Серж исмли ҳайдовчи.
“Биласизми, соатига 30 километр тезликда ҳаракатланадиган машина соатига 50 ёки 60 километр тезликда ҳаракатланаётган машинага қараганда ҳавони икки баробар кўпроқ ифлослантиради. Бу илмий жиҳатдан исботланган”, деб ёзади Twitter фойдаланувчиси Viank 93.
Лилл, Гренобл ва Монпеле шаҳарларида соатига 30 километргача тезликда ҳаракатланиш аллақачон жорий этилган.
LiveБарчаси