Пандемиядаги чекловлар, аслида, одамларни ўлдирмоқда

Олам 5627
image

БМТнинг махсус маърузачиси COVID-19 пандемияси пайтида бир томонлама санкциялар остида қолган мамлакатлар аҳолиси учун қандай қилиб гуманитар, шу жумладан, тиббий ва озиқ-овқат ёрдамини тақдим этиш бўйича ўз тавсиялари билан ўртоқлашди.

Ҳозирги вақтда бир томонлама санкциялар БМТнинг барча аъзо давлатларининг тахминан 20 фоизига таъсир қилади. Уларнинг аксарияти можаролар ва вайронагарчиликлар остида қолган давлатлардир. БМТнинг махсус маърузачиси Алена Духан пандемияда санкция чекловлари, аслида, одамларни ўлдиради, деб ҳисоблайди.

Санкциялар остида бўлган давлатлар у ёки бу даражада сув, совун, ниқоб, озиқ-овқат, зарур дори-дармон ва тиббий асбоб-ускуналар танқислиги, шунингдек, ҳаётий зарур буюмларни етказиб бериш ва шифохоналарнинг нормал ишлаши учун зарур бўлган ёқилғи етишмовчилигига дуч келмоқда.

"Гуманитар ташкилотлар ёрдам кўрсатишни, шу жумладан, дори-дармонларни, тиббий асбоб-ускуналарни, ҳимоя воситаларини, озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотларни етказиб беришда асосий тўсиқ сифатида бир томонлама санкцияларни кўрсатишмоқда", деди Алена Духан.

Унинг таъкидлашича, бугунги кунда санкциялар режими ўта чалкаш ва мураккаб тус олган. Пандемия пайтида санкцияларни юмшатиш ва айрим товарларни санкциялар режимидан чиқариб ташлаш тўғрисида қарорлар қабул қилинади. Бироқ ушбу ҳаракатлар самарасиз ва етарли эмас.

Махсус маърузачи етакчи халқаро гуманитар ташкилотларнинг мутахассислари билан ўтган мунозаралар ва маслаҳатлашувлар асосида пандемия пайтида санкциялар қўлланилган мамлакатларга дори-дармон, тиббий асбоб-ускуналар ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришдаги тўсиқларни енгиб ўтиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқди.

Духан барча давлатларни пандемия пайтида одамларни қутқариш энг муҳим устувор вазифа эканлигини унутмасликка чақирди.

Сарвар Анвар ўғли
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 65
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×