Пан Америка белбоғли кураш федерацияси ташкил этилди

Спорт

image

Бразилиянинг Сан-Паулу шаҳрида Жаҳон белбоғли кураш ассоциациясининг (ЖБКА) навбатдаги таъсис конгресси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Спортни ривожлантириш вазирлигининг Матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси (ЖБКА) президенти Азизбек Ғаниев раислигида ўтган конгрессда ташкилий масалалар, хусусан, ижроқўм аъзолари сафини кўпайтириш, шунингдек, таъсис йиғилишидаги асосий масала — Пан Америка белбоғли кураш федерациясини тузиш таклифи кўриб чиқилди ва маъқулланди. Бир овоздан Пан Америка Федерацияси раҳбарияти таркиби сайланди.

Пан Америка белбоғли кураш федерацияси президенти этиб, бразилиялик Хозе Жилдемар Клементино Де Карвалю сайланди. Янги ташкил этилган ушбу конфедерация президенти белбоғли курашлар бўйича 6-ДАН соҳиби, мураббий, 600 нафар спортчига эга “АDSА” академияси президентидир.

Пан Америка белбоғли кураш федерацияси вице-президенти лавозимини эса, бразилиялик Маркос Хосе Хунгаро эгаллади.

Пан Америка белбоғли кураш федерацияси бош котиби этиб яна бир Бразилия фуқароси Жоао Шиффер сайланди. У халқаро жанг ташкилотларида кўплаб лавозимлар эгаси, курашни ривожлантириш соҳасида 20 йиллик тажрибага эга.

Шунингдек, конгрессдан сўнг ЖБКА етакчилари янги тузилган Пан Америка конфедерацияси аъзолари ҳамроҳлигида “АDSA Akademia” жанг санъати академиясида белбоғли кураш бўйича биринчи Пан Америка семинарини ҳам ўтказишди. 600 нафар спортчи иштирок этган мазкур семинарда маҳаллий мураббийлар, спортчилар ва ҳакамларга ўзбек қадимий спорт тури белбоғли кураш тўғрисида назарий маълумот берилди. Белбоғли курашнинг турли усулларини қўллаган ҳолда кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.

 

Маъруф Абдумаликов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

1

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг