Пахта етиштиришга 60 фоиз аванс кўринишидаги имтиёзли кредитлар ажратилади

Жамият

image

Келгуси йил ҳосили учун пахта етиштиришга 60 фоиз аванс кўринишидаги имтиёзли кредитлар тўғридан-тўғри фермерларга ажратилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини янада такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги тармоқларида келгуси йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида айтилди. 

Йиғилишда айрим кластер ва фермерлар ўртасида ҳисоб-китоб интизоми бузилгани қайд этилди.

20 та кластерда ҳисоб-китоблар жойида бўлса, 122 та кластернинг Қишлоқ хўжалиги жамғармаси олдида қарздорлиги бор, 27 та кластер эса фермерларга 2022 йил пахта ҳосилидан тегишли маблағларни тўлаб бермаган. Шу каби, фермерларнинг ҳам кластерлар олдида қарздорлиги бор.

Йиғилишда шу муносабат билан кластерларни ташкил этиш, улар билан фермерлар ўртасидаги муносабатлар бўйича янги тизим жорий қилиниши белгиланди.

Ҳар бир вилоятда янги кластерларга молиявий кўрсаткичлари, ишлаб чиқариш қувватлари ва техника таъминоти бўйича талаблар қўйилади. Улар камида икки босқичли қайта ишлашни йўлга қўйган бўлиши шарт бўлади. 

Фермерлар бир вилоят ичидаги хоҳлаган кластери билан фьючерс шартномаси тузиши мумкин бўлади. Улар фьючерс шартномасидан ортган ҳосилни биржа орқали сотишига ҳам имконият яратилади.

Шунингдек, келгуси йил ҳосили учун пахта етиштиришга 60 фоиз аванс кўринишидаги имтиёзли кредитлар тўғридан-тўғри фермерларга ажратилади.

Мутасаддиларга кластер ва фермерларни молиялаштиришни янги тартибини йўлга қўйиш топширилди.


Мақола муаллифи

Теглар

пахта

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг