Пахта терими мавсумидаги мажбурий меҳнатнинг олдини олишда хато ва камчиликлар очиқланди

Жамият

image

Айни кунларда Ўзбекистонда пахта йиғим-терим мавсуми жадаллик билан олиб борилмоқда. Бироқ, пахта терими мавсумида одамларни мажбуран теримга  жалб қилиш каби ҳолатлар афсуски, қайд этилмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев пахта теримига инсонларни мажбурлаб олиб чиқишни давлат сиёсатига хиёнат деб атаганди.

Бугун, 9 октябрь куни  Олий Мажлис Сенатида Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг йиғилишида айни шу масалалар муҳокама мавзусига айланди.

Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси, Миллий комиссия раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 июлдаги “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан тузилган Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси зиммасига юклатилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Жумладан, Миллий комиссия ва унинг таркибида ташкил қилинган Одам савдосига қарши курашиш ҳамда Мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссиялар низомлари, 2019-2020 йилларда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида давлат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар режаси (йўл харитаси) лойиҳалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, кичик комиссиялар ҳамда ҳудудий комиссиялар иш фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг ҳисоботларини юритиш, хорижда бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлаш масалалари, бу борада Миллий комиссия томонидан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар, одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида кенг жамоатчиликни, хусусан, халқаро ҳамжамиятни хабардор қилиш орқали Ўзбекистон Республикасининг имижини яхшилаш ва бошқа масалалар юзасидан фикрлар билдирилди.

Миллий комиссия аъзолари бугунги кунда мамлакатда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан фуқароларни чет элда расмий ишга жойлаштириш ишлари яхши йўлга қўйилмаганлигини,  бунинг оқибатида чет элга мустақил равишда иш қидириб чиққан ҳамюртларимиз мураккаб вазиятларга тушиб қолаётганлигини қайд этишди. Миллий комиссия бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида бу борадаги муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш учун ишчи гуруҳ тузишни мақсадга мувофиқ деб топди.

Шунингдек, ҳозирги вақтда республикада пахта терими мавсуми бошланган даврда мажбурий меҳнатнинг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатлар олиб борилаётганига қарамасдан жойларда бу борада хато ва камчиликлар кузатилаётгани ҳам таъкидланди.
Йиғилишда Миллий комиссиянинг фаолиятида очиқлик ва ошкоралик тамойилларига риоя қилиш, Миллий комиссиянинг расмий веб-сайтини ишлаб чиқиш ва унинг фаолиятини таъминлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги ваколатхоналари мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида халқаро жамоатчиликни кенг хабардор қилаётганлиги қайд этилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сенат Пахта масумида камчиликлар

Баҳолаганлар

6

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг