Озодбек Назарбеков Бобомурод Ҳамдамовни мукофотлади

Маданият-санъат

image

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков Ўзбекистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамовни “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони билан тақдирлади. Бу воқеа Бобомурод Ҳамдамовнинг 82 ёшни қаршилаши ҳамда ижодий фаолиятининг 60 йиллиги муносабати билан “Эҳтиром” теледастурида ташкил этилган ижодий кечада юз берди.

Озодбек Назарбековнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида табрик матни ҳам эълон қилинган бўлиб, Маданият вазири Бобомурод Ҳамдамовнинг қарийб бутун умри саҳнада ўтганлигига урғу берган ва санъаткор нафақат ўзбек, балки бошқа миллатларнинг ҳам қалбини забт этганини қайд этган.

“Ўзининг бетакрор ижроси, ширали овози билан ўзбек санъатида муносиб ўрнига эга, устоз ижодкор Ўзбекистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамовга қалб эъзозида эҳтиром кўрсатдик. Таъкидлаш керакки, Бобомурод Ҳамдамов ўз йўналишида муносиб ижод мактабига эга, нафақат ўзбек балки ҳинд, туркман, тожик каби миллатлар қалбини забт эта олган бебаҳо санъаткордир. Бироз аввал устоз билан бирга қўшиқ куйлаб, бу инсоннинг саҳнага бўлган ҳурмати, шижоати, чин юракдан ижросини кўриб, тўғриси ҳавас қилдик. 

Ҳар бир инсонни ҳаётлик чоғидаёқ қадрлаш, унга муносиб эҳтиром кўрсатиш жуда муҳимдир. Барчамизга худди устоздек доимо эъзоз ва эҳтиромда бўлиб юриш насиб этишини ният қилдик. Қадрингиз бунданда баланд бўлсин, устоз!”, дейди Озодбек Назарбеков.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон, Қорақалпоғистон ва Туркманистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов 1940 йилнинг 4 март куни Туркманистоннинг Туркманобод шаҳрида дунёга келган. 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Дўстлик” ордени билан тақдирланган. Унинг ижросидаги “Ким экан”, “Лазги”, “Аму-Сир Сурхоним”, “Эй юзи гулёр”, “Ширин суханиро” каби тароналар ўзбек халқи қалбидан жой олган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

514

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг