Озиқ-овқат хавфсизлиги долзарб масала бўлиб боряпти – Мирзиёев

Жамият 4913
image

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 12 декабрь куни Хоразм вилоятига жўнаб кетгани ҳақида хабар берган эдик. Президент Хоразмга ташрифини Хонқа туманидаги инновацион иссиқхонадан бошлади. 

Қайд этилишича, “Red Star Oxus” масъулияти чекланган жамият томонидан 205 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига ташкил этилган мазкур иншоот шу йил февраль ойида ишга туширилган. Бу мазкур лойиҳанинг биринчи босқичи бўлиб, 7 гектар майдонда гидропоника усулида помидор, бодринг, бақлажон, булғор қалампири, кўкатлар етиштирилмоқда.

Иссиқхонада Нидерландиянинг “Kubo” компаниясида ишлаб чиқарилган “Ultra clima” ноу-хау технологияси келтириб ўрнатилган. Бунинг афзаллиги шундаки, иссиқлик вентилятор ёрдамида ультра иқлим зонасига тортилади ва пластик қувурлар орқали керакли жойга эҳтиёж даражасида юборилади. Яъни, ҳарорат бутун иссиқхонага эмас, балки етиштирилаётган сабзавотнинг илдизига йўналтирилади. Бу эса катта миқдорда энергияни тежашга ёрдам беради.

Президент Матбуот хизматига кўра, бундай “бешинчи авлод” технологиясига эга иссиқхоналар дунёда 200 гектар атрофида. Шундан 7 гектари Ўзбекистонда. Плёнкали иссиқхоналарда помидор кўчати 6 ой ҳосил берса, мазкур инновацион иссиқхонада бир йил мобайнида маҳсулот олиш мумкин.

“Бутун дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги долзарб масала бўлиб боряпти. Ташқи бозор қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мавсумий эмас, йил давомида етказиб беришни талаб қилади. Шуни таклиф қила олган корхона бозорда ўрин эгаллайди. Бу иш ўрни ва экспортни таъминлаш учун катта манба”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Иссиқхонада жараён тўлиқ автоматлаштирилган. Биринчи босқичда 75 киши доимий иш билан таъминланган. Президентга истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, лойиҳанинг иккинчи босқичида 8 гектар майдонда яна битта иссиқхона қурилади. Уни келаси йил декабрда фойдаланишга топшириш ва яна 150 та иш ўрни яратиш мўлжалланган.

“Бу корхона – драйвер. Бундай иссиқхоналар кўпайиши учун бошқа тадбиркорларни ҳам ўргатиб, ҳар томонлама ёрдам бериш керак. Хоразм қишлоқ хўжалигининг келажаги шу”, деди Президент.

Ушбу мажмуани ўзига хос мактаб сифатида белгилаб, тадбиркорларни ўқитиш муҳимлиги таъкидланди.

“Озиқ-овқат маҳсулотларига биринчи талаб – сифат. Шунинг учун ҳар бир иссиқхонанинг лабораторияси, ўз бренди бўлиши керак”, деди Президент.

Шу ерда қишлоқ хўжалигида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Туманларни ихтисослаштириш, янги ерларни ўзлаштириш, ёмғирлатиб суғориш тизимини жорий қилиш бўйича топшириқлар берилди. Шоли экишда адолатни таъминлаб, аҳолига ер майдонлари ажратиб бериш, шу орқали одамларни иш билан таъминлаш ва камбағалликдан чиқариш бўйича вазифалар қўйилди.

Шунингдек, Хоразм вилоятида ёшларнинг ижтимоий кайфиятини ўрганиш бўйича мулоқот ва социологик тадқиқот натижалари ҳақида ҳам маълумот берилди. Шавкат Мирзиёев ҳар бир ёшнинг интилиши ва қобилиятини инобатга олиб, режаларини амалга ошириш бўйича бир йиллик дастур ишлаб чиқишга кўрсатма берди.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 94
Рейтинг: 3.1
t
×