Озарбайжонга Қорабоғни миналардан тозалашга 30 йил керак – Алиев
Олам
−
13 Октябрь 2022
3231Озарбайжонга Қорабоғдаги мина муаммосини ҳал қилиш учун қарийб 30 йил ва 25 миллиард доллар керак бўлади. Бу ҳақда Президент Илҳом Алиев бугун, 13 октябрь куни Остонада ўтаётган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммитида айтиб ўтди.
“Озарбайжон дунёдаги миналар билан энг кўп ифлосланган давлатлар қаторига киради. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, босқинчилик даврида Арманистон Озарбайжон ҳудудига бир миллиондан ортиқ мина қўйган. Халқаро экспертларнинг фикрича, Озарбайжонга мина муаммосини ҳал қилиш учун қарийб 30 йил ва 25 миллиард доллар керак бўлади”, деди Алиев.
Давлат раҳбари Қорабоғда уруш тугаганидан кейин ўтган икки йилда мина портлашлари натижасида 250 дан ортиқ Озарбайжон фуқароси ҳалок бўлган ёки оғир жароҳатланганини айтди.
Озарбайжон раҳбари Қорабоғ можароси ҳал этилганига қарамай, “Арманистон чегарада ҳарбий провокацияларини давом эттираётганини” таъкидлади.
“Охиргиси шу йилнинг сентябрь ойида уюштирилди. Озарбайжон Қуролли Кучлари арманларнинг ҳарбий провокациясини тўхтатиш учун қатъий қарши чоралар кўришга мажбур бўлди. Бу барча провокациялар учун жавобгарлик Арманистон ҳарбий-сиёсий раҳбариятига юклатилади”, деди Алиев.
Президент Алиев шунга қарамай, “Озарбайжон Арманистонга бир-бирининг ҳудудий яхлитлигини ўзаро тан олиш асосида тинчлик шартномасини имзолашни таклиф қилган”ини таъкидлади.
LiveБарчаси