Озарбайжонда чегарачи минага тушиб, портлаб кетди
Олам
−
01 Октябрь 2021
5768Озарбайжоннинг Зангилон туманида Давлат чегара хизмати (ДЧХ) ҳарбий хизматчиси пиёдаларга қарши минани босиб, портлаб кетди. Бу ҳақда “Кавказский Узел” нашри хабар бермоқда.
Қайд этилишича, кеча, 30 сентябрь куни соат 15:00 да чегара қўриқчиси, кичик сержант Эльгюн Элхан ўғли Назарханли Зангилон туманида хизматда бўлганида, пиёдаларга қарши мина портлаши оқибатида яраланган. Ҳарбий хизматчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилгач, вертолёт билан Фузули тумани Аҳмедбейли қишлоғидаги ҳарбий госпиталга етказилган. Ҳозирда у шифокорлар назорати остида.
Озарбайжон Бош прокуратураси маълумотларига кўра, Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги ҳарбий можародан сўнг, 2020 йил 10 ноябрдан бери мина портлаши оқибатида 23 киши ҳалок бўлган, 36 та тинч фуқаро жароҳатланган.
Қорабоғ можароси
2020 йилнинг 27 сентябрь куни Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Қорабоғ уруши қайта оловланди.
Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари 2020 йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди.
Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтди. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.
Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.
Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди. Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.
Ноябрь ойига келиб Озарбайжон Қуролли Кучлари Тоғли Қорабоғдаги муҳим ҳудудларни, жумладан стратегик жиҳатдан аҳамиятли бўлган Шуша шаҳрини ўз назорати остига олди. Ушбу ҳарбий ҳаракатлар 2020 йилнинг 9 ноябрь куни Россия Федерацияси, Озарбайжон Республикаси Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ўртасида имзоланган қўшма баёнот билан ўз якунига етди. Сулҳ битимига кўра, 10 ноябр соат 00:00 дан бошлаб Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар бутунлай тўхтатилди, Арманистон Тоғли Қорабоғдаги 3 та ҳудудни Озарбайжонга қайтариш мажбуриятини олди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь