Озарбайжон Россия қудратига тупурди

Таҳлил

Қутурган зўравон бир сакради, икки сакради, охири баландроқ, ўз ҳаққини юлиб оладиган тўсиққа келиб урилди. Озарбайжон ва Россия ўртасидаги кескин зиддият сўнгги кунларда янги босқичга кўтарилди. Вазият жуда жиддий. Расмий Баку чиркин империалистик тафаккурдаги Россия ва унинг борган сари ҳуқуқий эмас, балки жиноий тузилмага айланиб бораётган кучишлатар тизимининг жирканч ишларига ўринли жавоб беришга киришди. Жорий йилда қамчисидан қон томаётган, вазиятга ҳуқуқий эмас, балки зўравонлик билан ёндашаётган Россиянинг ҳуқуқ-тартибот органлари дастлаб Қирғизистон сўнгра Ўзбекистон фуқароларига нисбатан ҳайвондек муносабатда бўлгани билан кўп бор тилга тушди. Энди эса мазкур органнинг қўли қонга ботди. Улар икки кишининг ўлимига тўғридан-тўғри сабабчи ва бу икки марҳум 2024 йил охири 2025 йил бошидан буён Путин ва унинг Россиясидан ўз ҳаққини талаб қилиб келаётган Озарбайжонга тегишли шахслардир. Эсингизда бўлса, жорий йил 10 апрель куни Россия кучишлатар тузилмалари томонидан Москвадаги “Бодрост” номли ҳаммомда қилинган ғайриинсоний ҳаракатлардан сўнг Қирғизистон томони Россияга норозилик билдирганди. Бироқ Россия томони буни қонуний текширув эканини иддао қилганча, Бишкекнинг эътирозига жуда юзаки ёндашди. Орадан кўп ўтмай, 8 июнь куни Россия хавфсизлик кучлари мигрантларга қарши яна шафқатсиз рейд ўтказди. Бу сафар уларнинг нишони Ўзбекистонлик муҳожирлар эди. Улар ўзбек мигрантлари ётган ётоқхонага бориб, эркакларни хоналаридан ҳайдаб чиқарганча уларни тепди, мушт туширди, қадр-қимматини топтади, хўрлади. Бу сафар Ўзбекистон очиқ-ойдин кўриниб турган бу пасткашликка ҳеч бўлмаганда нота билан жавоб берди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби, ўзга давлатларнинг ишига доимо “бурун суқиб” юрадиган Мария Захарова ўшанда нота кўриб чиқилаётгани, маълумотлар Ўзбекистондаги керакли органларга тақдим этилишини айтиб чиқди. Аммо мана салкам 3 ҳафтадирки унинг тафсилотлари ҳалигача эълон қилинмади. Айбдорлар жазоландими, калтак ва тазйиқ қурбони бўлганларнинг ҳуқуқи тикландими ёки йўқ ҳали ҳануз номаълум. Бироқ Россия бугун шундай зўравонлиги ва қўполлиги учун фақат нота билан жавоб қайтарадиган эмас, балки охиригача курашадиган мамлакатга дуч келди. Бу ортда қолган ойлар давомида Путин учун чинакам бош оғриққа айланган Озарбайжондир.

Озарбайжонликларга қилинган “русча шовинизм”

27 июнь куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида хавфсизлик тизими ходимлари томонидан озарбайжонликлар яшайдиган манзилларда ўтказилган рейдлар оқибатида Озарбайжон Республикаси фуқаролари деб айтилаётган, баъзи манбаларда эса аллақачон Россия паспортига эга экани иддао қилинаётган икки нафар шахс вафот этди. Қайд этилишича, шу куни эрталаб Россия ФХХ томонидан айнан озарбайжонликларга қарши олиб борилган рейдлар давомида 9 киши ҳибсга олинган. Рейднинг асосий нишони бўлган озарбайжонлик Сафаровлар оиласининг икки нафар аъзоси эса ҳалок бўлган. Улар ака-ука Зиёуддин ва Ҳусай Сафаровлардир. Мазкур оиланинг танишларига кўра, ҳибсга олиш чоғида ака-ука ўзини ёмон ҳис қилаётганини айтган. Улар шифохонага ётқизилган ва ўша ерда вафот этган. Маълум қилинишича, мазкур операция давомида вафот этганлар билан биргаликда оғир яраланганлар ҳам бор. Рус ОАВнинг ёзишича, рейдлар чоғида “Боку Плаза” савдо марказида ҳам тинтув ўтказилган. Маълумотларга кўра, Екатеринбургда 50 дан ортиқ озарбайжонлик ушланган, айримлари сўроқдан сўнг қўйиб юборилган. Бу қонли тадбирнинг асосий сабаби эса  бундан 24 йил олдин аниқроғи 2001 йилда бир савдогар ўлдирилган ҳолат бўйича очилган жиноят иши доирасида амалга оширилган. Ўшанда марҳум “Каспий” кафеси ёнида пичоқланган. Қотилликда кафе эгалари ака-ука Зиёуддин ва Ҳусай Сафаровлар гумонланувчига айланган. Қайд этилишича, ўшанда марҳум жон беришидан олдин уларнинг исмларини айтган. Ўша вақтларда эса маълум сабабларга кўра, Сафаровларни жавобгарликка тортишнинг иложи бўлмаган. Ака-укалар 24 йил ўтиб, бу ишни аллақачон ёпилган деб ҳисоблаган. Аммо орадан 24 йил ўтиб Россия кучишлатар тузилмаларининг хаёлига бу иш қандай келгани ва нима учун яна қайта ковлангани барчага қизиқ. Бунданда қизиғи ака-ука Сафаровлар бу ишда бор-йўғи гумонланувчи холос, уларнинг айби исботланмаган ҳам. Шунингдек, агар асосий нишон озарбайжонлик Сафаровлар оиласи бўлса, нега рейд кўлами жуда кенг? 50 га яқин озарбайжонлик нега тергов қилинди? Савдо марказидаги рейддан аниқ нима кўзланганди? Ҳар бир савол шубҳаларни кўпайтиради. Бу саволларга эса Россия томонининг шунчаки “ўтган йилларда содир этилган жиноятларни тергов қилиш доирасида бир қатор шахслар қўлга олингани, уларнинг уйларида тинтув ўтказилгани” каби важи тўлиқ ва аниқ жавоб бўла олмайди. Ҳолатга шу асос билан қаралган тақдирда ҳам нега асосан озарбайжонликлар ёки айнан улар яшайдиган жойларда тинтув ва зўравонлик, ғайриинсоний ҳаракатлар амалга оширилди? Кўп эҳтимол, энди бу сафар Путин Алиевнинг сўроқларига жавоб бера олмаса керак. Чунки расмий Баку Москванинг жавобларини кутиб ҳам ўтиргани йўқ. Постсовет давлатлари ичида Путинни узр сўрашга мажбур қилган ягона давлат раҳбари Алиев ва у бошчилигидаги Озарбайжон Россияга аллақачон жавоб “зарбалари” беришни бошлади.

“Қарши ҳужум”

Ушбу ғайриқонуний тадбирдан сўнг, расмий Баку Россиядан зудлик билан айбдорларни тезроқ топиш ва уларга чора кўришни талаб қилди. Россиянинг Бакудаги элчихонаси муваққат ишлар вакили Пётр Волоков Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, унга расмий норозилик билдирилди. Аммо Озарбайжон Россиянинг кучишлатар тузилмалари қандай ишлаши ва ҳукумат унинг барча қонундан ташқари қиладиган ғайриинсоний ҳаракатларини хаспўшлашини жуда яхши билади ва мазкур иш юзасидан Москванинг “ўрганяпмиз” деган олди-қочдиси Баку учун етарли бўлмади. Озарбайжон Россияга илк “зарба”ни маданият соҳасида берди. Мамлакат Маданият вазирлиги Озарбайжондаги Россиянинг давлат ва хусусий муассасалари томонидан ўтказилиши режалаштирилган барча маданий тадбирлар, жумладан концертлар, фестиваллар, спектакллар ва кўргазмаларни бекор қилди. Вазирлик ўз баёнотида бу қарорини Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Екатеринбургда этник асосда озарбайжонликларга нисбатан кўргазмали, мақсадли ва судсиз қотиллик ва зўравонлик ҳаракатлари, шунингдек, сўнгги пайтларда бундай ҳолатлар тизимли тус олаётгани билан изоҳлади. Қайд этилишича, чипталарни олдиндан сотиб олган фуқаролар пулни қайтариш учун тегишли савдо нуқталари ва онлайн платформаларга мурожаат қилишлари мумкин.
 

Озарбайжоннинг бу жавоби ҳали бошланиши эди. Кейинги жавоб чораси эса сиёсийлашди. Озарбайжон Миллий Мажлис Матбуот ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими Миллий Мажлис раисининг биринчи ўринбосари Али Аҳмедов бошчилигидаги делегация Москвада бўлиб ўтиши керак бўлган Озарбайжон ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиянинг 23-йиғилишида иштирок этмаслигини билдирди. Улар бу ташрифнинг бекор қилинишига Маданият вазирлигининг сабабини сўзма-сўз келтирди. Озарбайжоннинг кейинги жавоби эса янада оммавий тус олди. Ишга телевидение ҳам аралашди. АзТВ раиси Равшан Маммадов “Ҳафта” таҳлилий-информацион дастурида Путин ва унинг сиёсатини кескин танқид қилиб, Кремлни анча савалади. Мамадовнинг чиқиши анча тасирчан кўриниши олди ва воқеалар ривожини қиздириб юборди.

 

“Нима бўлди, жаноб Путин? Озарбайжоннинг минтақада кучли давлатга айланиши, сўнгги 200 йилда илк бор бир қарич ер бермай, балки ўз кучи билан ер қайтариб, суверенитет ва ҳудудий яхлитлигини тиклаши, миллий манфаатларини ҳимоя қилиши, Президент Илҳом Алиевнинг глобал саҳнада етакчи сифатида тан олиниши ва энг йирик халқаро минбарлардан эътироф этилиши сизни шунчалик безовта қиляптими? Биз тушунамиз, ахир сиз буюк Россия ўз ҳудудига мажбуран қўшиб олган халқлар устидан ҳукмронлик қилишга ўргангансиз”, дейди Маммадов.
 

Шунингдек, у Подшо Россияси даврида ҳам, Иттифоқ замонида ҳам руслар “олий ирқ” сифатида кўрилгани, озарбайжонликлар, ўзбеклар, қозоқлар, қирғизлар, туркманлар ва бошқа халқлар эса ҳар доим иккинчи даражали халқ сифатида кўрилганини айтди. У ўз чиқишида Путин сиёсатини Сталин давридаги НКВД фаолияти билан тенглаштирди.

“Бугун эса иккала империя тарихнинг чиқиндихонасига улоқтирилган бўлса-да, бу қараш ўзгармади, бу анъана давом этмоқда. Бир пайтлар Сталин бош кўтариб эркинлик талаб қилганларни НКВД орқали йўқ қилган бўлса, бугун Путин ҳақиқатни айтганларни ОМОН билан жазолайди. Яъни 1937 йил давом этмоқда – янада қаттиқ, янада даҳшатли”, дейди журналист

Бундан ташқари у, “Кремль расмийлари ва айниқса Россия Президенти Владимир Путин бу 1937 йил эмас, 2025 йил эканини англаяптими ўзи?”, деган саволни ўртага ташлади. Шундан сўнг у Сталин давридаги репрессиялар, Россия қўллови билан Арманистоннинг Озарбайжонга қилган шафқатсиз қатлиомларини ҳам бирма-бир тилга олиб, озарбайжонликлар буларнинг ҳеч бирини унутмаганини такидлади.

“Бир вақтлар Иттифоқ таркибида бўлган давлатлар аллақачон 30 йилдирки мустақил. У англаяптими: тарих ҳеч нарсани унутмади! На Сталин давридаги репрессияларни, бу даврда озарбайжон халқининг зиёлилари йўқ қилинганини, на 20 январь воқеаларини, на Хўжали қатлиомини, на Озарбайжон ерларининг босиб олиниши ва 30 йил давомида бу ерларнинг ишғол остида бўлишини – бу ерда юзада Арманистон бўлса-да, орқасида айнан Россия тургани аён”, дейди Маммадов.

АзТВ раиси дастур давомида Қарабоғ муаммосининг ечилишига айнан Россия йўл қўймаганини, аслида бу ҳудудий муаммонинг асосий ижодкори Россиянинг ўзи эканини ҳам айтиб ўтди. 30 йиллик Қорабоғ можароси якунлангач, Россия энди ўз аламини айни пайтда ўз ҳудудида бўлиб турган озарбайжонликлардан оляпти.

“Ҳа, айнан Россия. 30 йил давомида ўзи яратган Қарабоғ муаммосининг ечилишига йўл қўймаган ва бу йиллар давомида айнан Озарбайжоннинг Қарабоғ томирини босиш орқали бизга чексиз азоблар берган, асабимиз ва миллий ғуруримиз билан ўйнаган Россия бугун Қарабоғ масаласи ҳал этилгач, ўзининг ғазабини мамлакатида яшаётган озарбайжонликларга қаратмоқда”, дейди у.
 

Шу билан бирга, у ўтган йили декабрь ойида Озарбайжон самолётининг Қозоғистонда Россия томонидан уриб туширилганини ҳам айтиб ўтган. Бундан ташқари, АзТВ раҳбари россиялик учига чиққан пропагандачи Соловёвни ҳам алоҳида эслаб ўтди ва уни “унсур” атади. Мамадов Соловёвни норасмий You Tube каналлар эмас, балки давлат телеканали орқали Озарбайжон халқига таҳдид қилаётганини кескин қоралади.

“Энди эса Россия томони воқеани ўрганяпмиз, дейди. Нима ўрганилади? Ўтган йил декабрь ойида Бакудан Грознийга учаётган AZAL самолёти айнан Россия осмонида ракета билан уриб туширилган эди. 38 киши ҳалок бўлди. Россия бу фожиа ортидан ҳатто очиқ, расмий узр сўрай олмади. Озарбайжонлик депутат Москва аэропортида ҳеч қандай сабаб кўрсатилмасдан қўлга олиниб, мамлакатга киритилмади. Кўплаб киберҳужумлар тўғридан-тўғри Россиядан келмоқда. Соловёв каби унсурлар Озарбайжон халқига таҳдидлар йўлламоқда – бу ҳам оддий YouTube каналида эмас, балки Россиянинг давлат телеканалида”, дейди Маммадов.

Юзаки афсус

Россия ташқи ишлар вазири Мария Захарова ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан инсон ҳуқуқ ва эркинлигига тупурилган ҳолда олиб борилган ушбу операция бўйича изоҳ берди. Унга кўра, бу тадбир "ўтган йилларда содир этилган оғир жиноятлар бўйича жиноий ишларни тергов қилиш доирасида ўтказилган ҳамда яшаш жойлари бўйича ҳибсга олиш ва тинтувлар олиб борилган. Озарбайжон ТИВга таклиф этилган Россия ишлари бўйича вақтинчалик вакил Пётр Волоков Озарбайжон томонига зарур тушунтиришлар берган ва "вазият ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари назорати остида эканлигига ишонтирган. Бу ишлар ортидан Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам тилга кирди. Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқароларига қилинган зўравонликка тўхталиб ҳам ўтирмайдиган, пинагини ҳам бузмайдиган Песков Бакуда кўтарилган жиддий норозилик фонида Москва Баку билан яхши муносабатларни ривожлантиришдан манфаатдорлиги, Екатеринбургдаги воқеалар эса ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолияти билан боғлиқлиги, бу эса сиёсий зиддиятларга сабаб бўлмаслиги кераклигини айтиб чиқди. Кремль матбуот котиби расмий Москва Озарбайжоннинг Россия маданий тадбирларини бекор қилиш қароридан афсусда эканини ҳам қўшимча қилди. У шунингдек, Владимир Путин ва Илҳом Алиев ўртасидаги суҳбат кун тартибида эмаслигини қўшимча қилди.

Песковнинг бу гапи эса ўтган йил декабрь ойида Россия ҳудудида рус ҳарбийлари томонидан уриб туширилгани гумон қилинаётган Озарбайжонга тегишли йўловчи самолёти атрофида кечган сиёсий кескинликнинг илк кунларини эсга солмоқда. Ўшанда расмий Баку Россияга узр сўраш ва бошқа қатор талабларни қўйганди. Аммо Песков самолёт ҳалокати билан боғлиқ барча тафсилотлар очиқланмагунча Россия узр сўрашга шошилмаётганини айтиб чиққан. Шундай бўлишига қарамай, орадан бир неча кун ўтиб, ўзини постсовет ҳудудида босқинчи чор Россияси ёки қотил СССР давридагидек гегемон деб биладиган Россия билан камдан-кам содир бўладиган воқелик юз берди. Путин Алиев билан боғланди ва узр сўради.
 
Зўравонга кўзгу тутиш

Бу гал Екатеринбургда юз берган воқеа учун эса Озарбайжон томони Россияга тизимли чоралар қўллади. Ҳуқуқ тартибот идоралари Россиядаги ҳибсга олиш жараёнларига ҳибс билан жавоб қайтарди. 30 июнь куни Озарбайжон полицияси “Спутник Озарбайжон” офисида ўтказган операция чоғида нашрда ишлаётган ва Россия Федерал хавфсизлик хизмати агентлари деб гумон қилинадётган икки шахсни қўлга олди. Улар нашрнинг бош муҳаррири Игор Картавих ва бош муҳаррир ўринбосари Евгений Белоусов экани очиқланди. “Минвал” нашрининг ёзишича, улар ФХХ билан доимий алоқада бўлган ва Бакуда махфий фаолият юритган бўлиши мумкин. Қатор ОАВ эса ушбу шахслар нашр фаолиятини “ноқонуний молиялаштириш” билан шуғуллангани учун ушлангани ҳақида хабар берди.  Озарбойжон Ички ишлар вазирлиги бўлса, бу ҳолатга янада аниқлик киритди ва “Спутник Озарбойжон” агентлигининг фаолияти жорий йил февраль ойидаёқ расман тўхтатилган бўлса ҳам нашр ўз ишини ноқонуний равишда давом эттирганини маʼлум қилган.

Маълумот учун, 2025 йил февралида Баку Озарбайжон давлат оммавий ахборот воситаларининг хориждаги ва мамлакатдаги хорижий журналистлари фаолиятида паритетга эришиш мақсадида агентлик фаолиятини тўхтатишга қарор қилди. Бу воқеа Озарбайжонда “рус уйи” фаолиятининг тўхтатилиши билан деярли бир пайтда содир бўлганди. Албатта, мазкур қарорларнинг ортидаги асл сабаб Озарбайжонга самолётининг Россия ҳудудида шикастланиб кейинчалик Ақтауга қулаган деган асосли тахминлар эди. Ўшанда “Спутник” ишини изоҳлар экан, Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ойхон Ҳожизода агентлик фақат битта мухбир учун аккредитация олиши мумкинлигини маълум қилган. Ушбу қарор Озарбайжон давлат оммавий ахборот воситаларининг хориждаги фаолияти ва мамлакатдаги хорижий журналистларнинг тенглигини таъминлашга қаратилган эди. Бошқача айтганда, Бакуда ишлаётган “Спутник Озарбайжон” журналистлари сони Россиядаги “АЗƏРТАC” журналистлари сонига тенг бўлиши керак эди. Бироқ “Спутник Озарбайжон” таҳририяти бу қарорга амал қилмади. Ўтган давр мобайнида таҳририят ва ходимлар ўз сонини қисқартирмади, фаолиятини эса тўхтатгани йўқ.

Захарованинг таъкидлашича эса, бу журналистларга нисбатан Озарбайжон ҳукумати илгари ҳеч қандай эътироз билдирмаган. Унинг қўшимча қилишича, 30 июнь куни ҳибсга олинган журналистлар билан Россия ҳукумати узоқ вақт алоқага чиқа олмаган. Ҳозир ҳам улар билан алоқа қилингани ҳақида маълумот мавжуд эмас. Дипломатик миссиянинг консуллик бўлими ходимларига ҳам ҳибсдаги журналистлар билан учрашишга рухсат берилмаган. Захарова Россия элчихонаси Озарбайжон ТИВ, ИИВ ва Давлат хавфсизлик хизматига бу ҳақда хабар берилгани, аммо расмий жавоб берилмаётганидан нолиди. Шундан сўнг, вазият янада таранглашди. Россия ҳам Бакудан келаётган кетма-кет зарбаларга жавоб сифатида Озарбайжоннинг Москвадаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Раҳмон Мустафоевни Россия Ташқи ишлар вазирлигига  чақиртирди. Захарованинг айтишича, элчи Баку томонидан кўрсатилган дўстона бўлмаган ҳаракатлар, хусусан, Россия журналистларининг ноқонуний қўлга олиниши муносабати билан чақирилган.  

Хуллас, ҳозиргача Озарбайжон ва Россия ўртасидаги кескинликнинг энг кўзга кўринарли воқеликлари шулардан иборат. Воқеалар ривожи бундан кейин қандай тус олишини эса вақт кўрсатади.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг