Озарбайжон ва Арманистон муносабатларини беш тамойил асосида нормаллаштириш мумкин – Алиев

Олам

image

Баку ва Ереван ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш йўлида ҳаракат қилиш вақти келди. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев бугун, 31 октябрь куни Россия Президенти Владимир Путин билан учрашувда айтиб ўтди.

“Энди Озарбайжон ва Арманистон муносабатларини нормаллаштириш учун гапириш ва ҳаракат қилиш вақти келди”, дейди Алиев Сочида Путин билан учрашувда.

У Россия давлати раҳбарининг бу борадаги шахсий ролини юксак қадрлашини таъкидлади. Алиевнинг сўзларига кўра, Баку ва Ереван ўртасидаги муносабатларни нормаллаштиришга Озарбайжон томони таклиф қилган бешта асосий тамойил асосида эришиш мумкин.

“Озарбайжон нисбатан яқинда Озарбайжон ва Арманистон муносабатларини нормаллаштириш керак бўлган бешта асосий тамойилни илгари сурди. Буларнинг барчаси халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойиллари ва менимча, шу асосда нормаллашувга эришиш мумкин”, дейди Озарбайжон раҳбари.

Алиев, шунингдек, Қорабоғ можароси “аллақачон тарихга айланганини” айтди. Эндиликда у муносабатларни тиклаш зарурлигини урғулади.

“Икки йил олдин можаро ҳал қилинган. Шунинг учун бу контекстда муҳокама қилинадиган деярли ҳеч нарса йўқ ва Озарбайжон-Арманистон муносабатларини нормаллаштириш формати, албатта, жуда жиддий қадамларни талаб қилади. Ва биз сизнинг фаол шахсий ролингизга ва ушбу мақсадларга эришишда Россиянинг ролига ишонамиз”, дейди Озарбайжон Президенти.

Жорий йилнинг март ойида Баку Ереванга икки давлат ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш бўйича бешта асосий тамойилни ўз ичига олган таклифларни тақдим этган эди. Унда жумладан, давлатларнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, бир-бирининг чегаралари дахлсизлиги ва сиёсий мустақиллигини ўзаро тан олиши, бир-бирига нисбатан ҳудудий даъволар йўқлигини тасдиқлаш ва келажакда бундай даъволарни қўймаслик мажбурияти, куч ишлатиш билан таҳдид қилишдан воз кечиш. Шунингдек, таклифлар чегараларни делимитация ва демаркация қилиш ҳамда дипломатик муносабатлар ўрнатиш, транспорт ва бошқа коммуникацияларни очиш ҳамда томонларни қизиқтирган бошқа соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйишни ҳам ўз ичига олади.

Эслатиб ўтамиз, 31 октябрь куни Алиев ва Пашинян Путин билан уч томонлама учрашув ўтказиш учун Сочига борди. Ҳозиргача Путин ҳар икки давлат раҳбарлари билан алоҳида учрашиб улгурди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

46

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг