Озарбайжон ва Арманистон чегараларига Россиянинг қўшимча кучлари киритилади

Олам 4845
image

Тоғли Қорабоғда жойлашишни якунлаган россиялик тинчликпарвар кучлар халқаро гуманитар ташкилотлар фаолияти учун хавфсиз муҳит яратдилар. Яқин келажакда минтақанинг долзарб муаммоларини ҳал қилиш учун Москва шунингдек вакиллик делегациясини юборади, дейди Россия Президенти Владимир Путин бугун, 20 ноябрь куни Қорабоғдаги Россия тинчликпарвар кучлари миссияси бўйича йиғилишда. 

Қайд этилишича, Қорабоғда жорий йилнинг 9 ноябрь куни Россия, Озарбайжон Президентлари ва Арманистон Бош вазири ўртасида имзоланган сулҳга риоя қилинмоқда

Россиянинг тинчликпарвар кучлари Тоғли Қорабоғ ҳудудида жойлашишни якунлади, дея хабар қилди Мудофаа вазири Сергей Шойгу Путинга. Вилоятга 1960 киши ва 552 та техника жалб қилинган, 23 та кузатув пунктлари жиҳозланган. 

Ўт очишни тўхтатиш режимини бузиш ва Қорабоғдаги можаро томонлари алоқа чизиғида провокациялар қайд этилмаган, дейди тинчликпарвар кучлар қўмондони Рустам Муродов. Унга кўра, "майда ҳодисалар" жойида ҳал қилинмоқда. 

Бундан ташқари, яқинда Озарбайжон ва Арманистон чегараларига тинчликпарвар кучлардан ташқари Россия чегарачиларининг қўшимча кучлари ҳам киритилади. 

Путин таъкидлаганидек, "гуманитар ташкилотлар ишчилари учун хавфсиз шароитлар яратилган". 

Халқаро ёрдам

Қорабоғга ёрдам кўрсатишда етакчи роль Халқаро Қизил Хоч қўмитасига тегишли бўлиши керак, дейди Президент. Бошқа тузилмалар, шу жумладан, БМТнинг Қочқинлар бўйича идораси, Гуманитар масалалар бўйича координация, ЖССТ, Жаҳон озиқ-овқат дастури ва БМТнинг миналарга қарши курашиш хизмати ундан ўрнак олишлари керак. 

Минтақадаги тарихий ёдгорликлар ва диний қадамжоларни муҳофаза қилишда UNESCO’нинг иштироки "ўта муҳим", дейди Путин. Москва, шунингдек, БМТнинг Болалар жамғармаси (UNICEF) жанглар бўлиб ўтган жойларда гуманитар муаммоларни ҳал қилишга қўшилишини кутмоқда. 

“Россиянинг саъй-ҳаракатлари ва ихтисослашган халқаро тузилмаларнинг иштироки Тоғли Қорабоғ муаммосини узоқ муддатли сиёсий йўл билан ҳал қилишга ёрдам беради”, дейди Путин. Унга кўра кейинги босқичларда БМТ Тараққиёт дастури ўзининг ижобий ролини ўйнаши керак. 

Шу билан бирга, у можарони ҳал қилиш бўйича эришилган келишувларнинг бажарилишини секинлаштирмоқчи бўлганларни огоҳлантирди: "фақат уруш уларга муқобил танлов бўлиши мумкин. Агар Худо сақласин, уруш бўлса, унда қурбонларнинг қони ушбу шартномаларни “копток” қилмоқчи бўлганларнинг қўлида бўлади”.

Россия аллақачон ёрдам бермоқда

“Ҳозир минтақада 135 мингга яқин тинч аҳоли ёрдамга муҳтож, улардан 90 мингга яқини Арманистонга кўчишга мажбур бўлган”, дейди Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров. 1992-1994 йиллардаги уруш пайтида Қорабоғни тарк этган қочқинлар алоҳида масала, дея эслади у. 

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Евгений Зиничевнинг сўзларига кўра, яқин келажакда минтақага 30 минггача одам қайтиши мумкин, гарчи у ерда 5 мингга яқин одамни жойлаштириш мумкин бўлса ҳам, ҳозирда турли хил йўллар кўриб чиқилмоқда, жумладан, олдиндан тайёрланган уй-жойларни қуриш ҳам. 

Қайд этилишича, бугун, 20 ноябрь куни инсонпарварлик юклари бўлган карвон Россиядан Қорабоғ томон жўнаб кетди, яна бири эртага, 21 ноябрь куни юбрилади. 

“Москва минтақага молиявий ёрдам кўрсатиши мумкин”. Молия вазири Антон Силуанов аниқ таклифларни тайёрлашга ваъда берди. Унинг сўзларига кўра, Арманистондан, аввало, можаролар туфайли уйсиз қолганларга ижтимоий ёрдам кўрсатишни қўллаб-қувватлаш бўйича сўровлар келиб тушган. 

Шунингдек, Путин Бош вазир ўринбосари Александр Новакка ёқилғи-энергетика комплексига масъул бўлиб, Ереван билан тўқнашувлар зонасида иситиш масалаларини кўриб чиқишни буюрди. У минтақа тоғли ҳудуд экани, аллақачон совуқ тушганини эслатди. 

“Яқин келажакда Россия долзарб муаммоларни ҳал қилиш учун минтақага "вакиллик делегациясини" юборади”, дейди Путин. Давлат раҳбари унинг ким бўлишини аниқ айтмади.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 117
Рейтинг: 3
t
×