Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистонга келади

Жамият 8964
image

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 15 апрель, пайшанба куни Ўзбекистоннинг Бакудаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Ашрафхонов маълум қилди.

“Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда. Ҳозирда ҳужжатлар тўпламини тайёрлаш бўйича ишлар олиб бориляпти ва мазмунли ишлаш учун икки-уч йиллик иш режаси ишлаб чиқилмоқда”, дейди Ашрафханов Каспий энергетика клуби томонидан ташкил этилган бизнес-форумда.

Дипломат шунингдек, Озарбайжон ва Ўзбекистон томонларининг ҳамкорликни кенгайтириш бўйича барча таклифлари “йўл харитаси”га киритилишини таъкидлаган, лекин ташрифнинг аниқ санасини очиқламаган.

Қолаверса, Ашрафханов Озарбайжон компанияларини Ўзбекистонда жорий йилнинг 18-20 май кунлари бўлиб ўтадиган 24-халқаро нефть ва газ кўргазмасида иштирок этишга таклиф қилди.

Қолдирилган ташриф

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 15-16 апрель кунлари Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев мамлакат вице-президенти – Биринчи хоним Меҳрибон Алиева билан Ўзбекистонга ташриф буюриши режелаштирилганди. Аммо коронавирус пандемияси сабабли Ўзбекистонга ташриф кейинга қолдирилди. Президент Илҳом Алиев ташриф эпидемиологик вазият имкон берган заҳоти амалга ошишини таъкидлаганди.

Шунингдек, ўтган йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳри Миробод тумани Темирйўлчилар кўчасида озар халқининг умуммиллий лидери, Озарбайжон Республикасининг учинчи Президенти Ҳайдар Алиев номидаги умумий майдони 0,51 гектар бўлган боғ барпо этилаётгани хабар қилинган. Боғни икки давлат Президентлари очиб бериши режалаштирилганди.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 15 октябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг 7-саммитида иштирок этиш учун Озарбайжоннинг Баку шаҳрига бориб, Президент Илҳом Алиев билан учрашув ўтказганди. Ушбу учрашувда Мирзиёев Алиевни Ўзбекистонга таклиф қилганди.

Маълумот ўрнида, 2019 йил 26 декабрь куни Шавкат Мирзиёев Озарбайжонда Йил одами дея эътироф этилди.

Бу Илҳом Алиевнинг охирги 10 йилликда Ўзбекистонга амалга ошираётган илк ташрифи ҳисобланади. Алиев охирги марта Ўзбекистонга 2010 йил 27 сентябрда ташриф буюрган.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 217
Рейтинг: 3
t
×