Озарбайжон Арманистонни уч томонлама келишувни бузганликда айблади 

Олам

image

Расмий Баку Ереванни 2020 йил 10 ноябрда қабул қилинган уч томонлама келишувларни яна бир бор бузганликда ва икки томонлама муносабатларни нормаллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга путур етказганликда айблади. Бу ҳақда Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди. 

Қайд этилишича, Баку ноқонуний арман қуролли тузилмалари ҳалигача мамлакат ҳудудларидан олиб чиқилмаганини бир неча бор таъкидлаган.

“Кеча, 3 август куни содир бўлган қонли воқеа Арманистон уч томонлама баёнотни қўпол равишда бузаётганини, шунингдек икки давлат ўртасидаги муносабатларни нормаллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга путур етказаётганини яна бир бор кўрсатади. 

Бу, шунингдек Арманистоннинг халқаро воситачилар саъй-ҳаракатларига ҳурматсизлик қилаётганини кўрсатади.

Озарбайжон ҳудудида содир бўлган воқеа учун барча жавобгарлик қўшни давлат ҳудудидан ноқонуний қуролли гуруҳларни ҳалигача олиб чиқмаган Арманистоннинг сиёсий ва ҳарбий раҳбариятига юклатилади”, дейилади баёнотда.

Озарбайжон ТИВ расмий Баку ўз ҳудуди хавфсизлиги ва чегаралари яхлитлигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўришда давом этишини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 3 август куни Озарбайжон армиясининг Лочин вилояти йўналишидаги позицияларига арман қуролли тузилмалари кучли ўт очди. Ҳужум оқибатида бир нафар ҳарбий қурбон бўлди.

Қорабоғ уруши 

Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олишди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10-сига ўтар тунда “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Шуниси аниқки, уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди. 

Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган Bayraktar учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

20

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг