Озар-арман зиддияти: Пашинян ўз ўғлини ҳарбий асирларга алмаштирмоқчи
Олам
−
09 Июнь 2021
7442Арманистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Никол Пашинян ўз ўғлини Озарбайжонда ҳарбий асирликда ушлаб турилган арманистонлик аскарларга алмаштиришга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда Пашиняннинг ўзи кеча, 8 июнь куни Арманистоннинг Апаране шаҳрида ўз тарафдорлари билан бўлган учрашувда айтиб ўтди.
“Ва мен [Озарбайжон Президенти Илҳом] Алиевга расмий равишда айтаман: барча маҳбуслар эвазига ўғлимни таклиф қиламан”, дейди Пашинян.
У алмашинув жараёнини олиб боришни ўзининг парламент сайловларидаги рақиблари — собиқ Президентлар Серж Саргсян ва Роберт Кочарянга топширишга тайёр эканини маълум қилган.
Пашиняннинг юқоридаги қарорига Саргсяннинг танқиди сабаб бўлган. Гап шундаки, дастлаб, Пашинян Озарбайжонда тутқунликда сақланаётган арманистолик ҳарбийлар яна бир ёки икки ой кутиб туриши мумкинлиги ҳақида баёнот берган. Бунга жавобан, Арманистоннинг собиқ Президенти, мухолифатчи Серж Саргсян Пашинянни танқид қилиб, ўғлини арман аскарларига алмаштиришни таклиф қилган.
Пашиняннинг ўғли Ашот эса ўзининг Facebook’даги саҳифасида бундай алмашинувни амалга оширишга тайёрлигини ёзган. Озарбайжонннинг “қўлида” қанча арманистонлик ҳарбийлар тутқунликда ушлаб турилгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Бироқ, норасмий маълумотларга кўра, уларнинг сони 100 га яқин бўлиши мумкин.
Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги ҳарбий тўқнашув
Ўтган 2020 йилнинг 27 сентябрида бошланган 44 кунлик уруш якунига кўра, Озарбайжон Арманистон устидан ишончли ғалабага эришди. Бу урушга озарлар ўзларига тегишли бўлган Тоғли Қорабоғ минтақасидаги ерларни қайтариб олиш учун кирди. Уруш натижасига кўра, Озарбайжон Тоғли Қорабоғдаги 5 та шаҳар, 4 та посёлка, 286 та қишлоқ ва кўплаб стратегик муҳим тепаликларни Арманистондан озод қилди.
Арманистон уруш тугагач Ағдам, Лочин ва Кальбажар туманларини Озарбайжонга топширди. Арман ҳарбийлари Ағдамни 2020 йил 20 ноябарда, Кальбажарни 25 ноябрда ва Лочинни 1 декабрда тарк этди. Мағлубият оқибатида Арманистонда ички сиёсий муҳит бузилди, амалдаги ҳукумат бир қатор сиёсий тебранишларни бошдан кечирди. Бош вазир Никол Пашиняннинг истеъфосини талаб қилган норозилик намойишлари бир муддат мамлакатни қамраб олди.
Арманистонда фавқулодда ўтказилаётган парламент сайловлари ҳақида
Ўтган 2020 йилнинг ноябрь ойида Арманистонда бошланган сиёсий инқироз фонида ҳукумат раиси ва парламентга сайланган партиялар раҳбарлари муддатидан олдин парламент сайловини ўтказишга келишиб олди. Арманистон Президенти Армен Саркисян муддатидан олдин сайловлар кунини 20 июнга белгилаб қўйди. Бош вазир Никол Пашинян ва Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари сайловгача ўз вазифаларида қоладиган бўлди.
Photo: Арманистоннинг II ва III Президентлари: Роберт Кочарян ва Серж Саргсян
Экспертларнинг фикрига кўра, Пашиняннинг сайловдаги асосий рақибларидан бири — “Дашнакцутюн” ва “Қайта жонланаётган Арманистон” партиялари раҳбарлари билан биргаликда “Арманистон” блокини яратган Роберт Кочарян бўлади.
Бундан ташқари Арманистон Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Артур Ванецян бошчилигидаги “Родина” партияси билан блок яратган собиқ Президент Серж Саргсяннинг Республикачилар партияси ҳам сайловларда иштирок этади.
Мухолифатдаги “Обод Арманистон” ва “Нурли Арманистон” партиялари ҳам сайловларда иштирок этишини эълон қилган, аммо улар ҳеч қандай блокларга қўшилмайди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь