Озар-арман чегарасида яна тўқнашувлар бўлмоқда. Ҳозир вазият қандай?

Олам 4291
image
-

Озарбайжон ҳарбийлари кеча, 17 ноябрь куни тунда озар-арман чегарасининг шимолий қисмига қарата ўт очган. Бу ҳақда Арманистон Мудофаа вазирлигига таяниб хабар берилган. 

“Ўт очиш жавоб ҳаракатлари билан тўхтатилди. 18 ноябрь куни соат 10:00 (Тошкент вақти билан 11:00) ҳолатига кўра, Арманистон-Озарбайжон чегарасида вазият нисбатан барқарор”, дейилади вазирлик хабарида. 

Ўз навбатида Баку Ереванни ўз позицияларини ўққа тутишда айблаган. 

“17 ноябрь куни соат 17:54 дан 22:52 гача (Тошкент вақти билан 18:54 дан 23:52 гача) Арманистон Қуролли Кучлари бўлинмалари Шемшеддин вилоятининг Чинарли ва Муганжиг қишлоқлари йўналишидаги позициялардан вақти-вақти билан ўқ узди. Душман жавоб ўқлари билан бостирилди”, дейилади Озарбайжон Мудофаа вазирлиги хабарида. 

Жорий йилнинг 15 ноябрь куни чегарада янги тўқнашувлар содир бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Озарбайжон қўшинлари Килисали тоғи яқинидаги чегарада мамлакатга бостириб кирганини айтди. Баку буни рад этиб, Ереванни Калбажар вилоятидаги позицияларини ўққа тутишда айблади. 

Тўқнашувлар эртаси куни ҳам давом этди. Арманистон Хавфсизлик кенгаши котиби Армен Григорян Россияни 1997 йилги шартномага мувофиқ мамлакат ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга ёрдам беришга чақирди. Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва унинг Баку ва Еревандаги ҳамкасблари ўртасида бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг жанглар тўхтади. Икки Республика ўртасидаги муносабатлар, биринчи навбатда, Тоғли Қорабоғ атрофидаги вазият туфайли таранглигича қолмоқда.

Маълумот учун, 2020 йилнинг 11 ноябрига ўтар кечаси Россия воситачилигида Озарбайжон ва Арманистон етакчилари ўқ узишни тўхтатиш бўйича уч томонлама баёнот имзолаган бўлсалар-да, ҳали-ҳануз икки ўртадаги чегара нотинч, вақти-вақти билан чегарада ўқ отилиб туради.  

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 147
Рейтинг: 3
t
×