Oй ва Марсда яшаш имконини берувчи янги иншоотлар қурилади

Бу қизиқ

image

2028 йилгача Ой ва Марс сайёрасида бир қанча янги иншоотлар қурилади. Бундан асосий мақсад ташриф буюрувчиларга янги маконда қулайлик яратишдан иборат. Бу ҳақда “АrchDaily” интернет сайти хабар берди.

Ой ҳамда Марс сайёрасида инсонга яшаш имконини берувчи иншоотлар қуриш учун ташкилотлар ва NASA ўртасида кўплаб шартномалар имзоланган. Фазовий архитектурада бинолар асосан тайёр капсулалардан иборат бўлиб, уларнинг асосий шакли юмалоқ ёки махсус “қутилар” каби бўлади.

Охирги NASA билан тузилган шартнома “Olympus” иншооти ҳисобланади. Лойиҳага кўра, Ой ва Марсда қўниш майдончалари, турар-жой капсулалари ҳамда ташқи сайр учун йўлаклар режалаштирилган. Шартнома 2028 йилгача тузилган, аммо бу ҳудудларда ерликларнинг қачон ташриф буюриши ҳали маълум қилинмаган.

Шунингдек, “Olympus” билан бир қаторда, NASA “Crew Health and Performance Analog” номли Марсда одамларнинг тез кўникиши учун Ерда махсус лойиҳа амалга оширишни бошламоқда. Бу борадаги илк тажриба 2023 йилда бошланади. Лойиҳа 1700 метр квадрат майдонни эгаллаган. Бунда янги сайёрага ташриф буюрувчилар аввал мана шу лойиҳада қатнашадилар ва ундан муваффақиятли ўтганлар космик парвозни амалга оширишлари мумкин бўлади.

Маълумот учун, бундан бир неча йил аввал Бирлашган Араб Амирлиги Марсда одамларнинг ердаги каби эркин ва яшил ҳудудда яшаш муҳитини таъминлаб берувчи “Mars Science City” лойиҳасини ишлаб чиққан эди. Бу лойиҳа Муҳаммад бин Рашид космик марказида Амирлик муҳандислари ва дизайнерлари томонидан лойиҳалаштирилган гумбазли энг йирик космик шаҳарчадир. Унинг умумий майдони 1,9 миллион квадрат метр. Лойиҳанинг қиймати эса 140 миллион долларни ташкил қилган.

Нурмуҳаммад Файзуллаев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

226

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг