Отнинг ўлими – итнинг байрами: пандемия вакцина эгаларини миллиардерга айлантирди

Олам 5209
image

Пандемия бошланганидан бери дунё бўйлаб соғлиқни сақлаш соҳасида 50 нафар янги миллиардер пайдо бўлди. Улар COVID-19 вакциналари, тиббий асбоб-ускуналар ва дори-дармон идишлари ишлаб чиқарадиган компанияларнинг акцияларига эгалик қилишади.“Forbes” пандемия вақтида миллиардерга айланганлар рўйхатини тақдим этди

Маълум қилинишича, вакцина ва тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқарадиган компаниялар акциялари нархининг кўтарилиши янги миллиардерларнинг бойлигини янада оширган. Уларнинг аксарияти коронавирус биринчи бор авж олган Хитойда яшайди.

Нашр маълумотларига кўра, пандемия пайтида бойиб кетган янги миллиардерлар орасида қуйидагилар ҳам бор:

Угур Шоҳин – Германиянинг BioNTech биотехнология компаниясининг бош директори. У Американинг Pfizer компанияси билан ҳамкорликда коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиққан, вакцинанинг самарадорлиги 95 фоизни ташкил этган. Йил бошидан буён компания акциялари 160 фоизга ўсган. Шу фонда BioNTech’нинг 17 фоизига эгалик қилувчи Шоҳиннинг бойлиги 4,2 миллиард долларга етган.

Стефан Бансел – Американинг Moderna компанияси раҳбари. У Pfizer сингари Қўшма Штатларда аллақачон тасдиқланган коронавирусга қарши вакцинани ишлаб чиққан. “Forbes” Банселнинг бойлигини 4,1 миллиард долларга баҳоламоқда, март ойида у компаниядаги улушини 9 фоиздан 6 фоизгача камайтирди. Йил бошидан бери Moderna акцияларининг қиймати 550 фоиздан ошди.

Юань Липинг – Ду Вейминнинг собиқ рафиқаси, “Shenzhen Kangtai Biological Products” кенгаши раиси. Ажрашганидан сўнг, у Хитойнинг вакцина ишлаб чиқарувчи етакчиларидан бири бўлган компаниянинг 24 фоиз акцияларига эгалиқ қила бошлади. Хусусан, бу AstraZeneca вакцинасининг Хитойдаги ягона ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Йил бошидан буён “Shenzhen Kangtai Biological Products” акциялари 90 фоизга ўсди ва Юаннинг бойлиги 4,1 миллиард долларга етган.

Ху Кун – тиббий асбоб-ускуналар, шу жумладан небулизерлар, стетоскоплар ва қон босими мониторларини ишлаб чиқарадиган “Contec Medical Systems” Хитой компаниясининг раҳбари. Август ойида у компанияни Шенчжен биржасида рўйхатга олган. Ху “Contec Medical Systems” компаниясининг қарийб ярмига эгалик қилади. Унинг бойлиги 3,9 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Карл Хансен – антитаначаларга асосланган келажакдаги эҳтимолий касалликларни даволаш учун сунъий интеллект ва машиналарни ўрганиш технологияларидан фойдаланадиган Канаданинг AbCellera компанияси раҳбари. Нашр маълумотларига кўра, унинг бойлиги 2,9 миллиард долларни ташкил этади.

Moderna асосчиларидан бири – Тимоти Спринжер. “Forbes”нинг қайд этишича, унинг компаниядаги улуши 3,5 фоизни ташкил этади ва бойлиги тахминан 1,6 миллиард долларга етган. Шунингдек, Спрингер бошқа бир қатор биотехника компанияларига ҳам сармоя киритмоқда.

Серхио Стеванато – дунёда иккинчи ўринда турадиган шиша ишлаб чиқарувчи Италиянинг Stevanato Group компанияси раҳбари. “Forbes” маълумотларига кўра, унинг шиша идишларидан 40 дан ортиқ коронавирус вакциналари учун фойдаланилади. Нашр Стеванатонинг бойлигини 1,8 миллиард долларга баҳоламоқда.

2020 йил охирига келиб дунёдаги 2,2 мингдан ортиқ миллиардер 1,9 триллион долларга бойиб кетган. Барча миллиардерларнинг умумий бойлиги 11,4 триллион долларга баҳоланмоқда, бу уларнинг 2019 йил 31 декабрдаги бойликларидан 20 фоизга кўпдир. Миллиардлар эгалари бойлигининг ошишига асосий сабаб йил давомида ўсиб борган фонд бозорлари экани айтилмоқда.

Шунингдек, йил давомида SpaceX ва Tesla асосчиси Илон Маскнинг бойлиги 110 миллиард долларга ўсиб, 137 миллиард долларни ташкил этган ва у дунёдаги энг бой одамлар орасида учинчи поғонага кўтарилган. Маск бойлигининг ўсишини Tesla Motors акциялари таъминлаган ва улар 630 фоизга қимматлашган.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 89
Рейтинг: 3
t
×