“Отнинг ўлими – итнинг байрами”. Кассадан бошланаётган ўйин. Чипталар қачонгача қўлма қўл бўлади?
Жамият
−
17 Март 2023
7334Эртага, 18 март куни футбол бўйича U-20 Осиё чемпионатининг финал ўйини бўлиб ўтади. Финалда мезбон – Ўзбекистон жамоаси Ироққа қарши майдонга тушади. Ўйинга бир кун қолганда, яъни бугун, 17 март куни “Бунёдкор” стадиони кассаларида ва махсус интернет платформасида ўйин учун чипталар сотуви бошланди. Аммо интернет платформасида аввалига чипта борлиги, лекин харид қилишнинг имкони бўлмаётгани маълум бўлганди. Кўп ўтмай онлайн платформаларда чипталар буткул сотилгани маълум бўлди.
Шунингдек, кун давомида “Бунёдкор” стадиони кассаси олдида чипта учун турнақатор навбатлар юзага келди.
QALAMPIR.UZ мухбири стадион чиптахонасида навбатда туриб, вазиятни кузатди. Натижада эса чиптахоналарнинг тўлиқ ишламаётгани, навбатлар тўғри ташкил қилинмагани, одамлар кун давомида тик туриб ҳам чипта сотиб ололмаётгани, чипта нархларининг эса қимматлашганини кўрсатмоқда.
Қолаверса, таҳририят жамоаси чипта олиш истагида навбатда турган одамларнинг жорий муаммо ҳақидаги фикри билан қизиқди.
“Қўлга чиқариб юборишган. Навбат умуман йўқ, аёлларнинг ҳам ҳурмати йўқ. Мақсад – Ўзбекистон футболини синдириш”, деди микрофонимиз тутилган биринчи респондент.
“25 минглик билетни қўлдан 100 минг сўмга олдим. Кассадан олмаганимнинг сабаби, навбатда турганимда касса тўлиқ ишламади. Тирбандлик юзага келиб, оёқларим кўкариб кетди. Ишонмасангиз сиз ҳам бориб кўринг. Сиз ҳам одамларнинг оёғи остида қолиб кетасиз. Юрагини ушлаб қолганлар ҳам бўлди. Шунинг учун мажбур бўлдим”, деди одамлардан яна бири.
“Эрталаб соат 8:00 да келдим. Мана соат 17:00 га яқинлашяпти. Зўрға ололдим. Жуда “бардак”, дея ўз вазиятини тушунтирди чипта сотиб олганлардан бири.
Одамлар шунингдек, нима учун онлайн платформалардан чипта сотиб ололмаётгани ҳақидаги саволларга ҳам жавоб бериб, бунда Ўзбекистондаги серверларни айблади.
“Бизнинг серверларни биласиз-ку, ҳамма бирдан кирса қотиб қолади”, деди бошқа бир суҳбатдош.
Биз мазкур муаммо бўйича Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат қўмитасидан ҳам муносабат олиб, бу ҳолат истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилаётганига мисол бўла олиши ё йўқлигини сўрадик.
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, фойда чиқариб олиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда шахсий истеъмол ёки бошқа мақсадларда товар сотиб олувчи, иш, хизматга буюртма берувчи ёхуд шу ниятда бўлган фуқаро (жисмоний шахс) – истеъмолчи ҳисобланади.
Билетларни қайта сотиш бу фойда олиш билан боғлиқ фаолият бўлиб, 2 та фуқаро ўртасида савдо муносабатлари “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинмайди. Бундан ташқари, билетлар нархи давлат томонидан белгиланмайди. Шу сабабли, ушбу масала Солиқ қўмитаси ва Ички ишлар органлари томонидан кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ”, дейди қўмита матбуот котиби Олимжон Ҳасанов.
Унинг қўшимча қилишича, чипталарнинг кеч сотувга чиқарилиши ҳам қонунга зид ҳолат эмас.
“Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг:
4-моддасига мувофиқ, истеъмолчи товар (иш, хизмат) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш, товар (иш, хизмат)ни эркин танлаш ҳуқуқига эга.
6-моддасига мувофиқ, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт.
8-моддасига мувофиқ, Истеъмолчи шартнома тузиш йўли билан товарни (иш хизмат)ни эркин сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлиб, бу шартномага кўра сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) истеъмолчига муайян миқдордаги ва мақбул сифатли товарни мулк қилиб топшириш (иш бажариш, хизмат кўрсатиш) мажбуриятини, истеъмолчи эса, шартлашилган пулни тўлаш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар.
Мазкур ҳолатда билетларни харид қилишда электрон платформада билет борлиги ҳақида маълумот берилса, аммо пул тўлаш вақтида “билет йўқ”, деб жавоб қайтарилса, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилган ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 164-модасига мувофиқ, Мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир.
Юқоридагиларлардан келиб чиқиб, мазкур ҳолатда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонунчилиги бўйича ҳеч қандай бузилиши ҳолатлари йўқлиги, чипта харид қилиш ниятида бўлган фуқаролар олдиндан онлайн ёки касса орқали харид қилишлари мумкинлиги, аммо сотувчи кассаларда чипта қолмаганда айрим фуқаролар ўзларига керакмас деб билган чипталарини сотишларида эркин эканларини маълум қиламиз. Фуқаролар ўзларига тегишли мулкни сотиш ёки беғараз бошқа фуқароларга беришлари қонунчилик билан тақиқланмаган”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, Осиё чемпионатининг ярим финал ўйинларида ҳам чипталар билан боғлиқ бир қатор муаммолар юзага келганди. Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон-Ироқ ўйини эртага, 18 март куни соат 19:00 да бошланади.
LiveБарчаси