ОТМга имтиёз билан кириш масаласи қайта кўриб чиқилади —Тошқулов

Интервью 6290
image

Имтиёзга умид қилиб, олий маълумотли бўламан дейишдан энди воз кечиш керак. Бугун, 16 июнь куни бўлиб ўтган анжуманда Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Олий таълимга киришдаги турли давлат хизматчиларининг фарзандларига берилаётган имтиёзлар рўйхати кўпайиб кетаётганига муносабат билдириб, шундай деди.

 “Таълимдаги имтиёзлар бундан буёғига ўйлаб кўрилади. Ўзбекистондаги халқчил сиёсат ва Олий таълимнинг дастлабки муаммолардан чиқиши учун жуда кўп имтиёзлар берилган. Имтиёзга умид қилиб “Олий маълумотли бўламан”, дейишдан энди воз кечиш керак. Ҳақиқий рақобатдан ўтиш керак. Жўжани тухумдан чиқиш мисолида олайлик. Агар жўжа тухумнинг ичидан ёриб чиқса, соғлом бўлади. Агар уни ташқаридан ёриб олсангиз, нобуд бўлиш хавфи кўпроқ. Шунинг учун ҳам имтиёзга суяниб қолиш керак эмас”, дейди вазир.

Шунингдек у сўзи давомида аҳоли ўртасида имтиёзга муҳтож қатламнинг борлиги, қолаверса, баъзи имтиёзларни ислоҳ қилиш ва кўриб чиқиш кераклигини урғулади.

“Ҳамма тенг майдонда тенг курашиши керак. Аҳолининг имтиёзга муҳтож қатлами бор. У имтиёзлар қолади. Масалан ногиронларга ҳақиқатдан имтиёз керак. Лекин ҳамма имтиёзнинг атрофида йиғилиб қолиши керак эмас. Аввалда берилган баъзи имтиёзларни биз ислоҳ қилиб, кўриб чиқиш таклифларини ишлаб чиқамиз”, дейди Абдуқодир Тошқулов.

Маълумот учун, 2022-2023 ўқув йилида ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари, Ички ишлар органлари ходимлари фарзандлари, Божхона органлари ходимлари фарзандлари, шунингдек,  Ҳарбий қисм қўмондонлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг тавсияномасига ва яна бир қанча йўналишдаги имтиёзларга эга бўлган абитуриентларга имтиҳонсиз қўшимча давлат гранти асосида талабаликка тавсия этиш учун имтиёзлар белгиланган.

Нозима Назирова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 155
Рейтинг: 3
t
×