ОТБ Ўзбекистонга муҳтожлар ҳимояси учун 500 млн доллар қарз беради

Жамият

image

Осиё тараққиёт банки Россиянинг Украинага бостириб кириши оқибатида Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳимоя қилиш ва бандликни қўллаб-қувватлаш учун 500 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда банк сайтида маълум қилдинди. 

Унга кўра, ОТБ Ўзбекистон ҳукуматига қиймати 1,2 млрд доллар бўлган “Ривожланишга қарши харажатларни барқарорлаштириш” дастурини амалга ошириш учун ёрдам кўрсатади.

Қайд этилишича, ҳукумат дастури озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш, кам таъминланган оилалар, кексалар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа қатламларига тўғридан-тўғри ижтимоий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, ишсиз ва қайтган меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

“Марказий Осиё пандемиядан халос бўлгач, минтақа урушдан келиб чиққан иқтисодий талафотларга дуч келди, бу айниқса заиф (кам таъминланган – таҳр.) одамларнинг ҳаётини қийинлаштирди”, дейди ОТБ Марказий ва Ғарбий Осиё департаменти бош директори Евгений Жуков.

Қайд этилишича, коронавирус касаллиги (COVID-19) пандемияси ва Россиянинг Украинага бостириб кириши оқибатида юзага келган иқтисодий зарба Ўзбекистонга жиддий зарар етказди. Ушбу таъсирлар савдо харажатларининг ошиши, инфляция ва ишсизликнинг ортиши ва пул ўтказмаларининг қисқаришини ўз ичига олади.

Бу эса, ўз навбатида, кам таъминланган уй хўжаликларининг харид қобилиятини пасайтиряпти, шахсий истеъмолни заифлаштиряпти, қашшоқликнинг кучайишига олиб келяпти.

Шунингдек, ОТБ мониторинг ва баҳолашни қўллаб-қувватлаш учун техник ёрдам кўрсатади, бу техник ёрдам махсус жамғарманинг 400 000 АҚШ доллари миқдоридаги гранти ҳисобидан молиялаштирилади.

Маълумот учун, Ўзбекистон денгизга чиқиш имкони йўқ давлат бўлиб, 11 аъзо давлат ўртасидаги ҳамкорлик орқали иқтисодий ўсиш ва барқарор ривожланишга кўмаклашувчи Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлиги (МОМИҲ) дастурининг аъзоси ҳисобланади. МОМИҲ дастури автомобиль ва темир йўлларнинг самарадорлигини ошириш, чегарани кесиб ўтишни соддалаштириш, савдони рағбатлантириш ва минтақадаги миллионлаб одамларнинг энергиядан фойдаланиш имкониятларини яхшилашга ёрдам берди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

77

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг