Отасини ўлдирган йигит 10 йилга қамалди
3-саҳифа
−
29 Август 2022
9663Фарғона вилоятининг Данғара туманида яшовчи 25 яшар йигит ўз отасининг қотилига айланди ва қилмиши учун 10 йил озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда “Замон” информацион дастурида хабар берилди.
Қайд этилишича, йигитнинг отаси спиртли ичимликлар истеъмолига муккасидан кетган ва бу ҳолат бир неча бор оилавий низоларни келтириб чиқарган.
Шундай жанжалларнинг бирида ота маст ҳолатда уйга келиб, турмуш ўртоғининг 1-гуруҳ ногиронлиги учун оладиган нафақа пулини беришини талаб қилган. Аёл пул йўқлигини айтганида, эр уни ура бошлаган. Бу ҳолатга гувоҳ бўлган ўғил отасини ерга ётқизиб, унинг кўкрак қисмига бир неча бор тепган. Йигит отасининг эгнида бўлган спорт кийимининг бош ёпинчиғи боғичи билан уни бўйнидан бўғиб ўлдирган.
Жиноят ишлари бўйича Данғара тумани судида кўрилган суд ишида, қотилликни содир этган шахс ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, тўпланган ҳужжатлар ва далилларга таяниб, ҳукм чиқарилган.
У Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Суд ушбу жазони тайинлашда йигит муқаддам судланмаганлиги, қилмишига иқрорлиги, пушаймонлиги, бундан ташқари, жиноятни жабрланувчининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари натижасида содир этганини ҳисобга олиб, ўзи айбланган модданинг санкциясида назарда тутилган жазо муддатини тайинлашни лозим топган.
LiveБарчаси