Осиёда тошқиндан сўнг тозалаш бошланди. Лой ичидан жасадлар чиқмоқда (фоторепортаж)
Олам
−
29 Ноябрь 2025 4872 2 дақиқа
Бугун, 29 ноябрь куни Жануби-Шарқий Осиё бўйлаб ёққан тинимсиз муссон ёмғиридан қолган вайроналарни тозалаш ишлари бошланди. Лойлар орасидан йўқолган кишиларнинг жасадлари топилмоқда. Бу ҳақда “France24” хабар берди.
Қайд этилишича, кучли муссон ёмғирлари Малайзияга катта зарар келтирган. Унинг оқибатида 350 дан ортиқ одамлар ҳалок бўлди. Сув бироз қайтгач, қутқарувчилар мамлакат бўйлаб қутқарув ва тозалаш ишларини бошлаган.

Индонезиянинг Суматра оролида ҳам қутқарувчилар сув босган уйларни лойдан тозалашга киришди. Шу ҳудудларда сув тошқинлари ва кўчкилар оқибатида 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 100 дан зиёд киши бедарак йўқолган.
![]()
Шунингдек, Таиланд жанубидаги Сонгхла провинциясида сув сатҳи уч метрга етди. Бош вазир Анутин Чарнвиракул тозалаш ишларига икки ҳафталик муддат ажратилганини маълум қилди. Ҳукумат сув тошқинидан зарар кўрган оилаларга икки миллион баҳт (62,000 АҚШ доллар) товон пули ажратди.
Таиланд ҳукумати томонидан сув тошқинидан зарар кўрган ҳудудларни тиклаш ишларига жамоатчилик томонидан танқидлар билдирилмоқда. Минтақавий амалдорлар вақтинча лавозимидан четлатилган, мухолифат вакиллари эса ҳукуматни “вазиятни нотўғри баҳолаганликда” айбламоқда.

Малайзиянинг шимолий ҳудудида ҳам вазият оғирлигича қолмоқда, хусусан Перлис штатида кучли ёмғир ва тропик бўронлар натижасида ҳудудлар сув остида қолди. Бу ҳудудларда икки киши ҳалок бўлган, кўплаб уйлар ва дўконлар зарар кўрди. Қутқарувчилар аҳолига ёрдам бериш учун зарур чораларни кўрмоқда.

Маълумот ўрнида, йиллик муссон мавсуми одатда июнь ва сентябрь ойлари орасида кўпинча кучли ёмғир олиб келади, кўчкилар ва тошқинларни келтириб чиқаради. Экспертлар Жануби-шарқий Осиёдаги кучли сув тошқинлари ва кўчкиларни иссиқроқ иқлим ва кучли ёмғирлар билан боғламоқда. Тропик бўронлар ва муссон мавсуми сув сатҳининг ошишига, кўчкилар ва бошқа табиий офатларга сабаб бўлмоқда. Иссиқ океанлар ва юқори намлик бўрон тизимларини кучайтиради, бу эса кучли ёмғир ва шамолларни юзага келтиради.
Live
Барчаси