Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга 100 млн доллар ажратди

Жамият

image

Бугун, 7 октябрь куни Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонда рақобатбардош молиявий бозорларни ривожлантириш учун 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредитни маъқуллади. Бу ҳақда банк сайтида хабар берилган.

Қайд этилишича, мазкур кредит маблағлари мамлакатда молиявий бозорлар учун қулай муҳит яратишда зарур бўлган давлат сиёсати, қонунчилик ҳамда институционал ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилади.

“Ўзбекистон бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнларини жадаллаштирар экан, барқарор ва рақобатбардош ички молиявий бозорлар хусусий инвестицияларни жалб қилишда муҳим аҳамиятга эга. ОТБ Ўзбекистондаги молиявий бозорларни ривожлантириш ҳамда иқтисодий ўсишнинг асосий омили ва мамлакатда янги иш ўринларининг муҳим манбаи ҳисобланган хусусий инвестицияларни рағбатлантиришга ёрдам беради”, дейди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуков.

Хабарга кўра, ОТБнинг Молиявий бозорларни ривожлантириш дастури Ўзбекистон молия бозорини чуқурлаштириш ва кенгайтириш бўйича ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди. Унинг мақсади – давлат облигациялари бозорини янада ликвидлаштириш ва инвесторлар базасини диверсификация қилиш. Шунингдек, дастур бозорнинг муҳим инфратузилмасини, шу жумладан кузатув тизимларини ривожлантиришга ёрдам беради ва биржа савдо маблағлари каби муқобил молиявий воситалар таклифини кенгайтиради.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда аъзо бўлган. Ўшандан бери банк мамлакатга 10,1 миллиард доллар миқдорида кредит, грант ва техник ёрдам кўрсатган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

71

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг