“Осиё” сериали сарфланган маблағни оқлайдими?

Маданият-санъат

Сўнгги вақтларда эфирга узатилаётган миллий сериалларни кузатиб шуни билиш мумкинки, Ўзбекистондаги миллий кинематография соҳасида ўзгаришлар бўляпти. Бундан 10-15 йил, борингки икки йил аввалги ҳолатга қарасак, ўзбек телеканалларини турк ва корейс сериаллари эгаллаб олганди. Бугун эса улар ўз ўрнини миллий маҳсулотларга бўшатиб беряпти. Афсуски, яқин давр ичида эфирга узатилган ўзбек сериаллари орасидан эсда қоларлиси саноқли. Бироқ жорий йилнинг 13 март куни премьераси бўлиб ўтган “Осиё” сериали том маънода томошабинни экран қаршисига “михлаб” қўйиши айтилмоқда.

Бош продюсер Шаҳноза Aҳмедованинг таъкидлашича сериал биринчи қисмнинг ўзида томошабинни қизиқтира олади ва воқеалар ривожи, кадрларнинг битта дублда олиниши билан бошқа ўзбек сериалларидан ажралиб туради. Ушбу сериалда ўзининг илк катта ролини ижро этган ёш актрисалардан бири Наргиза Бакаева  қийинчиликлар гирдобида қолган Ўғилой образини яратди. Биз эса Наргиза ушбу сериалдаги роли учун қанча гонорар олганига қизиқдик.

Нaргизa Бaкaевa, актриса: ― Гонорар масаласи жуда яхши бўлди. Текинга ўйнамадим. Яхшигина пул тўлашди. Мен яратган образнинг яхши томони Ўғилой сабрли қиз. Персонажимнинг сабрли томонини ўзимга сингдирсам яхши бўларди. Чунки менда сабрлилик йўқ-да, сал сабрсизроқман. Томошабинларга шуни айтишим мумкинки, “Осиё” сериалини кўринглар. Шунда яхши сериал ва ёмон сералнинг фарқига борасизлар деган умиддаман.

“Осиё” сериалида ижтимоий ҳаётдаги бир қанча муаммолар кўтарилган. Масалан, ёшлар ўртасидаги беҳаёлик, бунинг оқибатлари, қизлар ҳаётидаги ор-номус масалалари, ота-оналарнинг фарзандининг келажагига бефарқ бўлмаслиги каби ғоялар тарғиб қилинади. Шу жиҳатдан ҳам ушбу сериал томошабинбоп бўлиши кутилмоқда. Бу борада эса Шаҳноза Aҳмедованинг ишончи комил.

Рўзимурод Бердиев, журналист: ― Ўзбек томошабини ўзини оқламаган баъзи сериалларни кўравериб энсаси қотиш даражасига ҳам келиб қолди. Нима деб ўйлайсиз, ушбу сериал томошабин эътиборини торта оладими?

Шаҳноза Aҳмедова, сериал бош продюсери: ― Aввало, келганингиз учун раҳмат, хурсандман. Сериалларимиз ҳозир кўп. Бундан икки йил олдин биз араб, турк, корейс сериалларини кўрардик.  Aммо ҳозир ўзбек сериалларига ҳам эътибор яхши, аста секин экранларни эгалламоқда. Тўғри, сериалларимизнинг ҳаммаси ҳам яхши эмас, лекин яхши сериалларимиз ҳам бор. Номларида адашишим мумкин, “Сизсиз ўтмас кунларим”, “Малак” сериаллари ҳозирги кунда ҳам маъноси, ҳам сценарийси жиҳатдан яхши ҳисобланади. Сиз айтиб ўтган ўша олди-қочди, ёшлар ўртасидаги муҳаббат мавзуларидан бироз чекинган ҳолда биз ижтимоий ҳаётни кўрсатишга қарор қилдик. Ушбу сериал томошабин эътиборини торта олади деб ишонч билан айта оламан.

Р.Б: ― Санъат тили билан айтганда, баъзи сериалларга “конфет актёр”лар ҳам таклиф этилади. Мана шундай ҳолат “Осиё” сериалида ҳам кузатилдими?

Ш.A: ― Aслида мен “конфет актёр” деган нарсани билмасдим. Бу мени биринчи продюсерлик ишим. Суратга олиш жараёнида “конфет”, “конфет” деб айтишганда, ўзи нима у деб сўраганман. Шунда менга “конфет актёр” нималигини тушунтиришган. Бизда ундай актёрлар йўқ ва биз ҳамма актёрларга даражасига қараб пул тўлаймиз. Кимгадир кўпроқ, кимгадир эса нисбатан камроқ.

Аҳмедовага кўра, ҳозирча “Осиё” сериали ўз муаллифларига ҳеч қандай фойда олиб келмади. Уларнинг биринчи даражали мақсади ҳам пул ишлаш эмас.

Нима бўлганда ҳам ушбу сериал томошабинбоплиги жиҳатдан ҳам, маблағ жиҳатдан ҳам ўзини оқламаган баъзи ўзбек сериаллари қаторига тушиб қолмаслигига умид билдирамиз.

Рўзимурод Бердиев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

173

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг