Асосий ҳиссадори Ортиқхўжаев бўлган “Ўзгазлойиҳа”нинг давлат улуши сотилди

Жамият 7939
image

“Ўзгазлойиҳа” институтининг 63,4 фоиз давлат улуши “Prime Tower Group” компаниясига 21,5 млрд сўмга (1,95 млн доллар) сотилди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, тендерга энг мақбул таклифларни танлаб олиш асосида “Grant Thornton” халқаро компанияси хусусийлаштириш бўйича консультант сифатида жалб этилган ва “Dentons” халқаро юридик компанияси ҳуқуқий кўмаклашган. Мазкур хусусийлаштириш доирасида консультантларнинг фаолиятлари “UzAssets” томонидан мувофиқлаштирилган. 

Мулк 2021 йил 29 декабрда кимошди савдосига қўйилган. Консультант томонидан лойиҳалаш, қурилиш ҳамда газ ва нефть маҳсулотларини ташиш хизматларини кўрсатувчи 28 та маҳаллий ва хорижий компанияларга жамият фаолияти тўғрисидаги инвестиция тизерлари юборилган. 

Таклиф этилган нарх бошқа талабгорлар томонидан таклиф этилган нарх қийматидан юқори эканини инобатга олиб, “Prime Tower Group” МЧЖ оммавий танлов ғолиби деб топилган. Натижада компания “Ўзгазлойиҳа” лойиҳа институтининг давлат улушини 21,5 млрд сўмга (қарийб 1,95 млн доллар) харид қилган.

Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри маълумотларига кўра, “Prime Tower Group” МЧЖ 2016 йил март ойида рўйхатга олинган. Устав капитали 314 млн сўм бўлган корхона архитектура соҳасида фаолият юритади. Муассислар Нодирбек Ибрагимов (60 фоиз) ва Махсуд Худаяров (40 фоиз).

“Ўзгазлойиҳа”да иккинчи энг катта улуш (34,5 фоиз) Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 219
Рейтинг: 3
t
×